Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТ вазири: «Дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажми 10 баробарга оширилади»

АКТ вазири: «Дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажми 10 баробарга оширилади»

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 26 сентябрь куни Тошкент шаҳрида «ICTWEEK Uzbekistan-2018» ҳафталиги доирасида «DIGITAL UZBEKISTAN» форуми бўлиб ўтди.

«Ўзэкспомарказ» анжуманлар залида бўлиб ўтган ушбу форум ахборот технологиялари соҳасида замонавий тенденцияларни муҳокама қилиш учун экспертларнинг ноёб платформасига айланди.

Фото: «Xabar.uz»

Тадбирда давлат органлари раҳбарлари, ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқаро экспертлар ва таҳлилчилар, йирик маҳаллий ва хорижий АКТ-компаниялар вакиллари иштирок этишди.

«DIGITAL UZBEKISTAN» форуми очилишида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов сўзга чиқди.

— АКТ ҳафталигининг асосий тадбирларидан ҳисобланган «DIGITAL UZBEKISTAN» форуми иштирокчиларини қутлашга рухсат бергайсиз, — деди вазир. — Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг глобал ахборот ҳамжамиятида ўз ўрнини мустаҳкамлаши, жамият ва иқтисодиётнинг рақамли трансформацияси, АКТнинг келгуси ривожига оид масалаларни ечишда мазкур форум ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш ва рақамли инфратузилмага инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бермоқда.

Шуҳрат Содиқов ўз маърузасида иқтисодиётнинг келажакдаги ривожланиши кўп жиҳатдан замонавий ахборот технологияларини, дастурий маҳсулотлар ва ривожланган рақамли инфратузилмани амалга ошириш даражасига боғлиқ бўлишини айтиб, шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилган ишларни акс эттирувчи бир қатор фактларни келтирди. Электрон тижорат, блокчейн технологияси фаол жорий қилинаётгани, ақлли ва хавфсиз шаҳарларни жорий этиш учун шароитлар яратилаётганини қайд этди. Шунингдек, яқин келажакка оид режаларга ҳам алоҳида тўхталди:

— Аввало, телекоммуникациялар инфратузилмасини инвестициялар ҳисобига янада кенгайтириш, хусусан, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини жорий йилда 200 млн. долларга ва 2019 йилда 500 млн. долларга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, жорий йилнинг охирига келиб, Халқаро пакетли коммутация маркази ўтказувчанлиги тезлигини 10 баробаргача ошириш, халқаро интернет-тармоқларга уланиш умумий тезлигини 1200 Гбит/с.гача етказиш режалаштирилмоқда.

Ахборот тизимлари ва дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида иқтисодиётнинг реал секторида амалга оширилиши назарда тутилган уч йиллик дастур асосида жами 2 триллион сўмлик 67 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Олдимизга 2021 йилга қадар мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги ахборот технологиялари улушини камида 4 фоиз ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 10 баробар ошириш вазифасини қўйганмиз, — деди у.

Фото: «Xabar.uz»

Форум ишида бир қатор халқаро экспертлар, маҳаллий ва хорижий давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари иштирокида рақамлаштириш тенденциялари ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 27 сентябрь куни, АКТ ҳафталиги доирасида «Softline CyberSecurity and Digital Transformation» форуми ҳам бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг