Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АКТ вазирлиги VPNдан фойдаланганлик учун жазо белгиланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни инкор этди

АКТ вазирлиги VPNдан фойдаланганлик учун жазо белгиланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни инкор этди

Фото: «Mitc.uz»

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унда Жиноят кодексига телекоммуникация тармоғига ноқонуний (рухсатсиз) кириш тўғрисидаги қўшимча модда киритилиши таклифи билдирилган. Жумладан, лойиҳада «телекоммуникация тармоқларидан фойдаланиш, ҳимоя тизимларини ўрнатган ҳолда халқаро трафикларга кириш мақсадида ноқонуний (рухсат этилмаган) тармоқларга кириш, шунингдек, ушбу мақсадларда махсус дастурлар ва аппарат воситаларини ўрнатиш ва сақлаш учун ноқонуний (рухсат этилмаган) телекоммуникация тармоқларига кириш» учун жазо таклиф қилинган.

Ушбу модда талабларини бузганларга энг кам иш ҳақининг 100-300 бараваригача миқдордаги жарима ёки 3-5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан «Xabar.uz»га маълум қилишларича, ушбу ҳужжат айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда. Жумладан, бу модда билан VPN-тармоқлар, VPN-каналлар, прокси-серверлардан шахсий мақсадларда ёки бизнес учун фойдаланиш чекланади, деган фикрлар янграй бошлади.

«Жиноят кодексига киритилиши таклиф этилаётган ўзгаришлар тижорат асосида халқаро сўзлашувларни ташкил этиш бўйича ноқонуний  фаолият олиб борувчи шахсларга қарши қаратилган. Гап халқаро трафикнинг ўтказилиши ҳақида кетяпти», — дея изоҳлади АКТ вазирлиги вакили.

Демак, бу таклифда ахборот ёки ахборот ресурсларидан фойдаланишни, шунингдек, бунинг учун VPN-тармоқлар, VPN-каналларни, прокси-серверларни шахсий мақсадларда ёки бизнес учун фойдаланишни чеклаш масалалари кўзда тутилмаган.

Кодексга киритилиши таклиф қилинган маъмурий жавобгарлик ҳақидаги банд эса телекоммуникациялар тармоғига ноқонуний (рухсатсиз) уланган шахсларга қаратилган. Мисол учун, фойда олишни мақсад қилмаган ҳолда телефон алоқаси ва интернетдан бепул фойдаланиш учун паролларни бузиб, қўшнисининг телефон ёки Wi-Fi тармоғига уланиб олган шахсларга қўлланилади.

«Таҳлиллар сўнгги вақтларда Wi-Fi тармоқларига рухсатсиз уланиш ҳолатлари кўп учраётганини кўрсатмоқда. Бундан эса мижозлар жиддий зарар кўрмоқда ва унинг интернетидан рухсатсиз фойдаланганлар учун ҳам ишлатилган трафик ҳақини тўлашга мажбур бўлишяпти», — дейди вазирлик ходими.

Шунингдек, республика бўйлаб Wi-Fi ҳудудларининг тобора кенгайтирилаётгани Wi-Fi тармоқлари эгаларини ҳимоя қилиш ҳамда бу йўналишлардаги қонунбузарликлар учун жавобгарликни ўрнатиш заруратини юзага келтирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг