Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«UZINFOCOM» — «Oracle» компаниясининг ваколатли ҳамкорига айланиши мумкин

«UZINFOCOM» — «Oracle» компаниясининг ваколатли ҳамкорига айланиши мумкин

Фото: «Mitc.uz»

Кеча, 8 ноябрь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида «Oracle» компанияси вице-президенти Жованна Санжоржи билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда вазирнинг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров иштирок этди. Бу ҳақда АКТ вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Mitc.uz»

Олимжон Умаров Ўзбекистонда «Oracle» компаниясининг фаолият доираси кенгайишига, компаниянинг мамлакатда замонавий ахборот технологияларини жорий этишдаги иштироки фаоллашувига қизиқиш мавжудлигини билдирди.

Бугунги кунда «Электрон ҳукумат» тизими дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилган. Ушбу тизим ва маълумотлар базаларини яратишда «Oracle» компанияси ечимларидан ҳам фойдаланилган.

Учрашувда «Oracle» компанияси Ўзбекистондаги бизнесини кенгайтириши учун лицензиялаш сиёсатини қайта кўриб чиқиши лозимлиги билдирилди. Ушбу ғояни амалга ошириш учун «UZINFOCOM» ягона интеграторини «Oracle» компаниясининг ваколатли ҳамкори этиб белгилаш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди ҳамда ягона интеграторнинг мақсад ва вазифалари ҳақида меҳмонларга батафсил маълумотлар берилди.

Учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистонда «Oracle» компетенция марказини ташкил қилиш, АКТ йўналишида кадрлар тайёрлаш, таълим соҳаси, давлат ва хўжалик бошқаруви, бизнес йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

«Oracle» вице-президенти Жованна Санжоржи компаниянинг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш ва ҳамкорликни жадаллаштириш таклифидан мамнунлигини билдирди.

Томонлар ҳамкорликнинг барча йўналишларини аниқ белгилаб олиш ва шу асосида «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

«Oracle» компанияси ахборот технологиялари ва корпоратив дастурий таъминот етказиб берувчи дунёнинг йирик компанияларидан бири ҳисобланади.  Компания дастурий таъминот ва бизнес-иловаларни (ERP ва CRM-тизимлар) ўзаро боғловчи маълумотлар базасини бошқариш тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.  

Корпорация бўлинмалари дунёнинг 145дан ортиқ мамлакатларида мавжуд, штаб-квартираси АҚШда, Калифорния штатидаги Кремний водийсида жойлашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг