Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АКТ ёрдамида оила муаммоларни ҳал этиш мумкинми?

АКТ ёрдамида оила муаммоларни ҳал этиш мумкинми?

Фото: «Inha.uz»

Кеча, 29 январь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда «Ахборот коммуникация технологиялари орқали мустаҳкам оила сари» ўқув семинари ташкил этилди. 

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Дилором Тошмуҳамедова, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаров, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори в.б. Музаффар Жалолов ва бошқалар оила институтини мустаҳкамлаш соҳасига энг илғор ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш келгусида муайян натижаларга эришиш гарови экани хусусида тўхталиб ўтдилар.

Лойиҳани амалга оширишдан мақсад, ўз ҳаётида турфа ҳил оилавий муаммоларга дуч келган оила вакилларини замонавий коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали билими ва дунёқарашини ошириш, ахборот олиш, иш излаш, шунингдек ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ҳаётга теран нигоҳ билан боқишга ундашдир.

Фото: «Inha.uz»

Таъкидлаш жоиз, ушбу ўқув курсининг илк синов лойиҳаси «Оила» маркази ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамкорлигида ўтган йилнинг март-июль ойларида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида муваффақиятли амалга оширилган. Унда иштирок этган оғир ҳаётий вазиятдаги оилалар аъзолари ҳисобланган бир гуруҳ хотин-қизлар ахборот-коммуникация, хусусан, компьютер технологиялари дастурларидан фойдаланиш бўйича бошланғич кўникмаларга эга бўлиб, шу орқали ўз саъй-ҳаракатлари билан ишга жойлашишган эди.

Шунингдек тадбирда мазкур лойиҳага тажрибали тренерларни жалб этиш, машғулотлар мавзулари ва дастурларини шакллантириш, методик таъминлаш ҳамда фаолиятни бошлаш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир давомида ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган хотин-қизларга сертификат ва совғалар топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг