Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

APTLD юбилей саммитига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади

APTLD юбилей саммитига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади

Фото: «Aptld.org»

Тошкент шаҳрида 20-21 сентябрь кунлари Осиё-Тинч океани минтақаси юқори даражали доменлар уюшмаси (Asia Pacific Top Level Domain)нинг 20 йиллик юбилей саммити бўлиб ўтади.


APTLD интернет тармоғини ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи мураккаб минтақавий ва глобал тизимга эга асосий ташкилотларидан бири бўлиб, технологик ва операцион масалалар бўйича тажриба алмашиш платформаси ҳисобланади. Шунингдек, APTLD домен номларини бошқариш бўйича халқаро тамойилларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда. Ташкилот 1998 йилда ташкил топган, 2003 йилда эса Малайзияда штаб-квартирасига эга бўлди.

Ўзбекистон 2017 йилнинг сентябрь ойида .UZ ҳудудида домен номларини рўйхатга олишни мувофиқлаштиришчи ташкилот «UZINFOCOM» компанияси вакиллигида APTLDга аъзо бўлди. Олимпия ўйинларида бўлгани каби, уюшма аъзолари ҳам саммитни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун курашадилар, бунинг учун тақдимотлар тайёрлайдилар ва ассоциация кенгашининг қўллаб-қувватлашини қўлга киритишга ҳаракат қиладилар.

Тошкент саммитида глобал тармоқнинг янги параметрлари ва протоколларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда бевосита иштирок этувчи, жаҳон миқёсида обрў-эътиборга эга интернет мутахассислари иштирок этадилар. 

«Тошкентдаги саммитда 40 дан ортиқ ОТХ, Европа, Шимолий ва Жанубий Америкадан келган давлатларнинг вакиллари иштирок этадилар. Бу кенг кўламли тадбир бўлиб унинг асосий мақсади иштирокчи давлат, интернет-бизнес, хусусан, домен саноатининг вакилларини глобал тармоқнинг уникал идентификатор тизимининг асосий трендлари, чақириқ ва янги имкониятлари, шунингдек, интернетда янги хавфсизлик технологиялари ва бошқа мамлакатларда интернет ривожланиши тажрибаси билан таништиришдир.

Биз бу йил Ўзбекистон саммитга мезбонлик қилаётганидан мамнунмиз, бизнинг кўплаб иштирокчиларимиз ўзлари учун ушбу кўҳна тарих ва улкан истиқболга эга заминни кашф этадилар. APTLD ўзининг 20 ёшини айнан Тошкентда нишолаётгани — қабул қилувчи давлатга билдирилган катта ишонч белгиси ва албатта, шарқ эртагига ғарқ бўлиш истагидир.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг маърузасидан Ўзбекистон ҳукумати интернет тармоғини ривожлантиришга қанчалик катта аҳамият бераётганига амин бўлдик ва бу саъй-ҳаракатлар мувофаққиятли бўлишига умид қиламиз. .UZ маконида доменларни рўйхатга олишда улкан сакраш содир бўлганига ва бутун мамлакат бўйлаб интернет-технологиялари ривожланганига бевосита гувоҳ бўлдик, ушбу жараёнларга алоқадор эканлигимизни ҳис этиш ёқимли», — деди APTLD нинг ижрочи директори Леонид Тодоров.

Саммитда APTLD дан ташқари ICANN нинг  (icann.org —  интернетда ном ва манзил тақдим этувчи интернет корпорацияси) бир қатор етакчи мутхассислари ҳамда RIPE NCC (ripe.net) ва APNIC (apnic.net — Европа ва Осиёдаги IP-манзиллардан фойдаланишни мувофиқлаштириш марказлари) раҳбарияти иштирок этади. Уларнинг асосий вазифаси жойларда интернет-инфратузилмасини ва уларни бошқариш сиёсатларини ривожлантириш борасидаги етакчи тажриба билан ишлаш. 

Саммитда дунёга машҳур мутахассислар иштирок этадилар

  • Пол Викси — интернет тармоғининг биринчи кашфиётчиларидан бири, DNS домен номлари тизимининг ҳаммуаллифларидан бири
  • Пол Уилсон — АТР да 6 мингдан ортиқ интернет-провайдерларни ва ОТХ да интернетнинг ўзаро алоқасини таъминловчи ташкилот — APNIC бош директори
  • Пауль Рендек – RIPE NCC нинг (Европа ва Яқин Шарқда 10 000дан ортиқ интернет-провайдерларни боғловчи) ташқи алоқа масалалари бўйича директори, нарсалар интернети соҳасида етук мутахассис
  • Алексей Солдатов — энг катта русча интернет мутахассиси, Рунет «оталари»дан бири
  • Кил Нам Чон — Жанубий Корея интернетининг «отаси» ва афсоналаридан бири
  • Гордон Дик — Nominet (Буюк Британия) — жаҳоннинг энг йирик миллий доменлар бўйича компанияларидан бирида доменлар бўйича бизнес бошлиғи;
  • Далси Баняла хоним — Вануату республикасининг Телекоммуникация соҳасини бошқариш агентлиги раҳбари, вазир
  • Раед ал-Файез — Саудия Арабистони қироллиги Телекоммуникация вазирлигининг интернет-хизматлари масалалари бўйича бош директори; араб интернетининг энг йирик мутахассиси
  • Рэдин МакГэри — CentralNic (Буюк Британия) — жаҳоннинг энг йирик хизматлар провайдер компаниясининг ҳуқуқий масалалар бўйича директори
  • Андрей Воробьёв — Россиянинг миллий доменлар бўйича мувофиқлаштириш маркази директори.

APTLD конференцияси доирасида экспертлар томонидан бир қатор мастер-класс, тренинг ва матбуот анжуманлари ўтказилади.


ОАВ вакиллари 20 сентябрь куни соат 09:00 да Тошкент шаҳрининг «Wyndham» меҳмонхонаси «Silk Road» залида бўлиб ўтадиган матбуот-анжуманида иштирок этиб, интернет тармоғи технологиялари ва хавфсизлиги мавзуларида ўзларини қизиқтирган саволларни беришлари мумкин. Матбуот анжумани 20 сентябрь куни соат 10:00 да APTLD саммитининг очилиши доирасида бўлиб ўтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг