Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ақлли тиббиёт»: Шифокор ҳузурига бориб ўтирмайсиз, дориларни эса уйда 3D-принтерда чиқариб олаверасиз

«Ақлли тиббиёт»: Шифокор ҳузурига бориб ўтирмайсиз, дориларни эса уйда 3D-принтерда чиқариб олаверасиз

Фото: «Running Pony»

Бугун ривожланишнинг инновацион моделлари ва «ақлли» технологияларни ҳаётга кенг татбиқ этаётган мамлакатларда энг муваффақиятли ва барқарор ривожланиш кузатилмоқда.

Бундай мамлакатлар тараққиёти, уларнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлиги табиий ресурсларни экспорт қилиш ва жисмоний меҳнатдан фойдаланишга эмас, балки инновацион ғоялар ва ишланмаларга асосланади. Ушбу мамлакатларда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича давлат стратегиясининг ижроси шартли равишда «келажак вазирликлари» деб номланувчи махсус идоралар томонидан амалга оширилади.

Бугунги мақоламизда «Ақлли тиббиёт» ҳақида, бу борада жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳикоя қиламиз.

Рақамли тиббиёт асри

Ҳозирда инсон фаолияти кўрсаткичлари, хусусан, юрак пулси, нафас тезлиги, жисмоний фаоллик, умумий ҳолати, дори-дармонлар қабул қилиш ва бошқалар ҳақида ахборот тўплаш имконини берувчи жуда кўплаб турли қурилмалар мавжуд. Ушбу қурилмалар (кўчма электроника) орқали йиғилган маълумотлар беморларнинг ўзи учун ҳам, уларни даволовчи шифокорлар учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Мазкур маълумотлар асосида ташхис қўйиш, беморларга улар ҳаёт фаолиятидаги ўзгаришлар ҳақида тавсиялар бериш, нохуш ҳолатларни ўз вақтида ва касалликлар ривожланишининг бошланғич босқичидаёқ аниқлаш мумкин.

Нарсалар интернетига уланган кўчма технологиялар бугун жараёнларни автоматлаштириш ва вақтни тежашга катта ёрдам бермоқда. Бемор — шифокор анъанавий усули сезиларли ўзгаришларга юз тутди. Қурилмалар ва датчиклар рақамли тиббиётда янги асрни бошлаб берди.

Онлайн жарроҳлик асбоблари

«Chimaera» қурилмаси 3D-тасвирнинг эфирга узатилиши шарофати билан жарроҳлик соҳасида реал вақт тартибида операцияларни ўтказиш имконини беради. Бу асаб толалари ва қон томирлари бўйича жуда аниқ ёндашувни таъминлай олади.

Уйда ҳам соғлиғимиз назоратда

Барчаси беморлар саломатлигини назорат қилиб туришга кўмаклашадиган ва айни дамда тўла-тўкис гаджетларга айланган ақлли браслетлардан фойдаланишдан бошланган. Нарсалар интернети уйда туриб ташхис ўтказиш ва вақтни тежашни таъминлайди.

Фото: «Mpo-mag.com»

«Cambridge Consultants» компанияси қондаги қанд ва холестерин миқдорини назорат қилиш, шунингдек, қон босимини ўлчашга мўлжалланган «Flow Health Hub» қурилмасини яратди. Гаджет шифокорлар билан боғланади ва ўзидаги кўрсаткичлар ҳақида хабар беради. Сўровномада қатнашган Буюк Британия аҳолисининг 91 фоизи бугун уйда ўтириб диагностикадан ўтишга рози бўлган бўлса, қон босими ва пулсни ўлчашга хайрихоҳлар мос равишда 72 ва 65 фоизни ташкил қилмоқда.

Тана қурилмалари

Қадамларни ҳисоблаш ва уйқуни назорат қилиш қурилмаси пулсни ўлчаш ва нафас частотасини кузатиш гаджетларида жуда тез ривожланиб кетди. Ҳар икки кўрсатикични «First Response Monitor» ҳисоблайди. Уни «Cambridge Design Partnership» мутахассислари ишлаб чиққан. Қурилма турли даражада шикастланган, табиий офатлар ёки ҳарбий ҳаракатлардан жароҳатланган беморлар ҳолатини кузатишга мўлжалланган.

Келажак кўчма технологиялари

Бугун ишлаб чиқувчилар маълумотлар йиғиш технологияларини яратишган, лекин келажакда тиббий ходимлар ва беморлар уйда бемалол фойдалана оладиган инновация қурилмалари ва дастурлар ишлаб чиқиш устида изланишлар олиб боришмоқда. Яъни, сунъий интеллект соҳаси жадал ривожланишда. Масалан, «Plextek Consulting» компаниясидан Коллет Жонсон инсон кўкрак қафасига ёпиштириладиган ва организмни сув билан қондиришни аниқлайдиган пластирлар пайдо бўлиши ҳақида сўзлайди.

Гаджет юрак иш фаолияти, қон босими ва тана ҳарорати ҳақидаги маълумотларни ўқий олади. Бундан ташқари, у семизликни даволовчи гаджет яратиб, одамлар тановвул қилган овқатлар улар соғлиғига қандай таъсир қилишини ўрганмоқчи.

«CareClip» қурилмаси беморга юрак ҳуружида ваҳимани енгишга ёрдам беради. Унинг айтишича, ақлли сенсорлар батареясиз — биологик энергия, радиотўлқин ва тебранишлар асосида ишлайди. Улар смартфон ва планшетларга «Bluetooth» ёки NFC симсиз алоқа канали орқали уланади.

IoT-сенсорлар келажак уйларининг бир қисмига айланади

«Nominet» мутахассислари хотира йўқолишидан қийналаётганлар учун PIPS тугмачаларини ишлаб чиқдилар. Агар бемор-фойдаланувчи ҳаракат фаолиятини унутиб қўйса, тугмача атрофдагилар эътиборини бу шахсга жалб қила олади. Шунингдек, сенсорлар руҳий касалликка чалинган беморларни назорат қилиш имконини беради. Бу каби қурилмалар бозори беш йил ичида 47,4 млрд. долларга баҳоланиши тахмин қилинмоқда.

Фото: «Forbes»

Нарсалар интернети профилактик тиббиёт ва сурункали касалликларни даволашда янгиликлар тақдим қилмоқда. Тахминларга кўра, смарт-шаҳарларнинг глобал бозори ҳажми 2020 йилгача кенгаяди ва 1,4 триллион долларни ташкил этади. Маълумки, «ақлли шаҳар»лар мақсади — шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, харажатларни камайтириш, инновацияларни рағбатлантириш ҳамда аҳоли яшаш сифатини ошириш ҳисобланади. Бу вазифаларга «ақлли тиббиёт» ҳам қўшилади. «Frost & Sullivan» тахминича, 2020 йилга бориб, «ақлли тиббиёт» «ақлли шаҳарлар» умумий бозорининг 15 фоизини эгаллайди.

Фади ШАНААҲ, «Orange Business Services» — MENATнинг «Ақлли шаҳар» ва соғлиқни сақлаш учун бизнесни ривожлантириш директори:

— Нарсалар интернети соғлиқни сақлаш учун идеал ечим бўлиб, «ақлли шаҳар» концепциясини тўлдиради. Тармоқ қурилмалари ва кўчма технологиялар шаҳарликларни шифокор билан масофавий боғлайди ва уларни консултация қилишга имкон беради. Жараён жуда ҳам шаффоф, иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиб, беморлар учун қулайлик туғдиради. Таъкидлаш жоизки, янги фикр янги тиббиётга йўл очади. Масалан, менинг она шаҳрим Дубайда бу шаҳарни тиббий туризм марказига айлантиришга қаратилган ташаббус илгари суриляпти. 2021 йилга бориб, 1,3 миллион шундай сайёҳлар қабул қилиниши кўзда тутилган, сўнгги беш йил давомида эса бу борада 13 фоизлик ўсишга эришилади. Дастур доирасида Orange шифохоналар учун турли дастурий таъминот ва датчикларни ягона экотизимга бирлаштиришга ёрдам берадиган рақамли ечимлар таклиф қилади.

«Тиббиёт инқилоби»

Интеллектуал соғлиқни сақлашда «ақлли тиббий» ускуналар ривожланишини рағбатлантириш учун «eHealth» (электрон соғлиқни сақлаш) ва «mHealth» (мобил соғлиқни сақлаш) соҳаларининг энг янги мобил ва рақамли ютуқларидан фойдаланилмоқда. Тиббиётга ҳам ёндашув ўзгаряпти: ақлли трекерлар шарофати билан шифокорларда тиббиёт муассасаларидан ташқарида ҳам беморлар ҳолатидан доимий хабардор бўлиб туриш, касалликлардан огоҳлантириш имконияти сезиларли ошиб кетди. Асосан «ақлли шаҳар» хизматларидаги қурилмалар ўртасидаги алоқа тиббий хизмат кўрсатишга ҳам янгича ёндашувларни очиб бермоқда.

Фото: «Hempel Digital Health Network»

IoT-ечимлар «тиббиёт инқилоби»да муҳим рол ўйнайди. Датчиклар бўйича масофадан туриб мониторинг қилиш тизимлари, масалан, мижоз қонидаги глюкоза миқдорини кўрсатади ва бу маълумотни дарҳол таҳлил ва прогноз учун шифокорга юборади. Ушбу маълумот асосида мутахассислар беморга муолажа тайинлашади ва керакли дори-дармон ёзиб беришади. Дорилар эса 3D-принтерда чоп этилади. Буларнинг бари — беморнинг шифокор ҳузурига келиши, навбат кутиши ва дорихонама-дорихона юриш машаққатига чек қўяди.

Махфийлик биринчи ўринда

Тиббий маълумотлар — ўта шахсий ҳисобланади, шу боис беморнинг махфийлик сиёсати ўта муҳим муаммодир. Лекин маълумотлар кимга тегишли эканлигини мавҳумлаштириш мумкин. Шу тарзда маълумотлар бутлиги ва махфийлигига эришилади. Бу маълумотлар инновацияларни жорий этиш ҳамда етказиб берувчи ва ҳамкорлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш учун жуда фойдалидир. Шунингдек, «ақлли шаҳар» тиббиётига, хусусан, бутун дунё бўйлаб шифокорлар ўртасида билимлар алмашинувига фойда беради.

  • Ниҳоясига етган йил республикамизда «келажак вазирлиги»га асос солингани билан ҳам аҳамиятли бўлди — 29 ноябрда «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент фармони имзоланди. Фармонда вазирликнинг асосий фаолият йўналишлари, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини, шу жумладан, касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилишни таъминлайдиган илғор технологияларни, «Ақлли тиббиёт» ва «Ягона тиббиёт ахборот маркази» концепцияларини жорий этиш орқали жадал ривожлантиришга, шунингдек, аҳолининг узоқ умр кўриши учун қўшимча шароитлар яратишга кўмаклашиш вазифалари белгилаб берилди.

Ўйлаймизки, ушбу мақоламиз «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари учун янгидан-янги ғояларни тақдим этади ва мамлакатимизда «Ақлли тиббиёт»ни ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг