Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жиззахдан Манасгача

Жиззахдан Манасгача

Манас қишлоғи.

Фото: «Uza.uz»

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш, халқ билан мулоқот, одамларнинг муаммоларини ўз вақтида ва жойида ҳал қилишнинг самарали механизмларини яратишда ахборот-коммуникация технологияларининг босқичма-босқич жорий этилаётгани қўл келмоқда.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги «Идоралараро ягона ижро интизоми электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига кўра, мамлакатимиз ҳудудларида Идоралараро ягона ижро интизоми электрон тизими (кейинги ўринларда – Ягона тизим)ни жорий этиш белгиланган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ишчи гуруҳи Жиззах вилоятида шу фармойиш доирасида жорий йилнинг биринчи чораги давомида кенг кўламли ташкилий чора-тадбирлар ва амалий ишларни бажарди. Мисолларга ўтамиз.

Вилоят ҳокимлигидаги 50га яқин, шаҳар ва туманлар ҳокимликларидаги 230дан зиёд, вазирлик, қўмита ва инспекцияларнинг вилоятдаги бошқарма ва туманлардаги бўлинмаларида ишлаб келаётган 400дан ортиқ масъул ходимлар учун Ягона тизимда ишлаш кўникмасини яратиш ва билимларини мустаҳкамлаш бўйича семинар-тренинглар ташкил қилинди.

Тошкентдаги Мирзо Улуғбек инновация марказининг резидентига айланиб юртимизда АКТни ривожлантириш учун инвестиция жалб этиш, дастурий маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятлари жиззахлик тадбиркорларни ҳам қизиқтирмоқда. 2017 йили вилоятда шу инновация маркази резидентлари сони атиги бир нафар эди, вазирликнинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 2018 йил биринчи чораги якуни бўйича жиззахлик резидентлар сони уч нафарга етди, яна икки нафар тадбиркор инновация маркази кенгашининг қарорини кутмоқда.

Дастурий маҳсулотлар бозорини шакллантириш, дастурлашга қизиқиши бор ёшларга имконият яратиш мақсадида инновация маркази резидентлари томонидан Жиззах шаҳрида дастурлаш бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга мўлжалланган ўқув марказлари ташкил қилинган. Ушбу марказларда 20 нафарга яқин ёшлар дастурлаш бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширмоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси асосида мамлакатимизда қишлоқ аҳолисининг турмуш даражаси ва ижтимоий муҳитини яхшилашга қаратилган «Обод қишлоқ» лойиҳаси доирасида вилоятимизнинг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида кенг ислоҳотлар амалга оширилди.

Турли вазирлик ва идоралар иштирокидаги бу жараёндан, албатта, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳам четда қолгани йўқ.

«Ўзбектелеком» АК Жиззах филиали томонидан Манас қишлоғидаги хонадонлар ва инфратузилма объектларида кенг полосали интернет тармоғини ташкил этишга қаратилган лойиҳа доирасида оптик толали алоқа линиясини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қишлоқ марказигача 8,4 километр масофада оптик толали алоқа линияси ўтказилиб, 96 портли битта MiniMSAN қурилмаси ўрнатилди. Натижада қишлоқдаги иккита мактаб, иккита мактабгача таълим муассасаси FTTB технологияси асосида ZiyoNET таълим порталига уланди. Маҳалла маркази, профилактика инспекторининг назорат хонаси, қишлоқ оилавий поликлиникаси, маданият саройида кенг полосали интернет хизматларидан фойдаланиш имкони яратилди. Шунингдек, манасликларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини ошириш мақсадида вазирлик томонидан беғараз ёрдам сифатида 10та компютер ва техникалар билан жиҳозланган синфхона ташкил этилди. Қолаверса, электрон давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш имконини берувчи инфокиоск қурилмаси ўрнатилди.

Манас қишлоғида мобил алоқа хизматлари кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида мобил алоқа операторларининг мавжуд таянч станцияларида 3G тармоғи ташкил этилди. Шунингдек, «Ўзбектелеком» АК «ЎзМобайл» филиали томонидан 3G стандартидаги янги таянч станцияси ўрнатилиб, ишга туширилди ва манасликларга мобил интернет хизматларидан эркин фойдаланиш имкони яратилди. Қўшимча тарзда мобил алоқа операторлари томонидан Манас қишлоғида кўчма савдо масканлари ташкил этилди.

Маҳмуд Ғиёсов,
Ахборот технологияларива коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси етакчи мутахассиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг