Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Одамларда АКТ соҳаси бўйича билим етарли бўлса, очиқ-ошкора жамият қуриш шунчалик осонлашади

Одамларда АКТ соҳаси бўйича билим етарли бўлса, очиқ-ошкора жамият қуриш шунчалик осонлашади

АКТ вазирлигининг юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамолиддин Пўлатов (ўнгда) фуқаро мурожаатини ўрганмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда ўтказилаётган оммавий қабулларда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Январ ойининг 26-санасидан 7 февралгача Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтган оммавий қабулларда фуқароларнинг ҳеч бир мурожаати эътиборсиз қолмаслигига катта эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Бош прокуратураси, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва олий ва ўрта махсус таълим, молия, адлия, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Марказий банк, Мажбурий ижро бюроси, «Ўзбеккўмир», «Ўзтрансгаз», «Ўзбекэнерго» агентликлари, «Ергеодезкадастр», Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Давлат солиқ, божхона, хотин-қизлар қўмиталари, «Маҳалла» жамғармаси раҳбар ва масъул ходимлари икки ҳафта мобайнида вилоят аҳолиси мурожаатлари, муаммоларию таклифларини тинглаб, уларга ечим топишга ҳаракат қилдилар. Айниқса, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳаси вакиллари оммавий қабулларда алоҳида жонбозлик кўрсатишди.

Вилоятнинг қайси шаҳар ёки туманига бормайлик, АКТ масаласи бўйича аҳолидан кўплаб мурожаатлар бўлди. Муаммоларни айтиш билан бирга шундай ўринли таклифлар ҳам билдирилдики, бундан биз фақат хурсанд бўлдик. Демак, одамлар бу соҳага қизиқишяпти, унинг имкониятларидан унумли фойдаланишга интилишмоқда.

Бугунги кунда ҳеч бир соҳа ривожини ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аҳолининг ҳам бу имкониятлардан фойдаланишга бўлган талаби кундан-кунга ортиб бормоқда. Афсуски, АКТ ютуқлари бутун мамлакатимиз бўйлаб бир текисда кириб бормаган ва бу табиийки, фуқароларда жуда кўплаб ҳақли саволларнинг йиғилиб қолишига сабаб бўляпти. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев бошчилигидаги вазирликнинг юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Жамолиддин Пўлатов, «Ўзбектелеком» АК Тошкент филиалининг мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи раҳбари Илҳом Рустамов ҳамда Тошкент вилоятидаги АКТ соҳаси раҳбар ва масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ўтказган оммавий қабулларда ҳам бу яна бир бор намоён бўлди.

— Вилоятнинг қайси шаҳар ёки туманига бормайлик, АКТ масаласи бўйича аҳолидан кўплаб мурожаатлар бўлди, — дейди Ж.Пўлатов. — Муаммоларни айтиш билан бирга шундай ўринли таклифлар ҳам билдирилдики, бундан биз фақат хурсанд бўлдик. Демак, одамлар бу соҳага қизиқишяпти, унинг имкониятларидан унумли фойдаланишга интилишмоқда. Масалан, коллеж ва лицейлардаги информатика ўқитувчилари ўз малакаларини ошириш борасида ҳамкорлик қилиш таклифини киритишди. Биз уларга ёрдам беришга тайёрмиз. Чунки, чекка-чекка туманлардан, қишлоқлардан кучли дастурчилар, АТ-мутахассислари етишиб чиқиши айнан шу фидойи ўқитувчилар билимига боғлиқ.

Дарҳақиқат, одамларнинг АКТ имкониятларидан фойдаланишга қизиқиши жуда юқори бугун. Ҳеч ким тараққиётдан ортда қолишни истамайди. Бу оммавий қабулларда жойларда телекоммуникация хизматларини, хусусан, симли телефондан фойдаланиш кўламини ошириш, мобил алоқа сифатини яхшилаш, бунинг учун мобил компаниялар антенналари қамровини кенгайтириш, интернет сифати ва тезлиги масалалари ҳақидаги мурожаатларда ҳам ўз аксини топди. Ўз навбатида, мутахассислар мурожаатчиларга рақамли телевидение, аҳолини тюнерлар билан таъминлаш, мобил операторлар, айниқса, «ЎзМобайл» филиали томонидан тақдим қилинаётган турли арзон пакетлар, электрон ҳукумат каби энг замонавий АКТ хизматлари ҳақида тушунчалар беришди.

Мурожаатларнинг 91 фоизи жойига чиқиб ўша куннинг ўзида ҳал қилинди.

Энг муҳими, мурожаатларнинг 91 фоизи жойига чиқиб ўша куннинг ўзида ҳал қилинди. Бу бошқа соҳаларга нисбатан жуда юқори кўрсаткичдир. Масалан, Оққўрғон туманидаги «Заводский» маҳалласида 2800 нафар киши истиқомат қилади. Улар «Билайн» ва «ЎзМобайл»  компаниялари хизматларидан фойдаланишади. Аммо, «Билайн"нинг антеннасига дарахт қулаши оқибатида зарар етган ва бу алоқа сифатига салбий таъсир қилаётган эди. Маҳалла аҳлининг ушбу муаммо юзасидан қилган мурожаати ҳам жойида ўрганилиб, ҳал этилди. Антеннадаги узилишлар бартараф этилгач, унинг сигнал қабул қилиш қамрови 15 километрдан 30 километрга кенгайди. Яъни, маҳалла тўлиқ мобил алоқа билан таъминланди.

— Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаганман, — дейди Юқори Чирчиқ информатика ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг информатика фани ўқитувчиси Козим Муродов. — Етти йилдан буён ушбу коллежда ўқувчиларга информатикадан дарс бериб келяпман. Биласиз, бу соҳа доимий изланишни, ўз устида ишлашни талаб қилади. Чунки ахборот-коммуникация технологиялари бутун дунёда шиддат билан ривожланиб боряпти. Ўқувчиларимга соҳанинг сир-асрорларини мукаммал ўргатишим учун аввало ўзим малакамни ошириб боришим даркор. Бунинг учун эса нафақат дарсликлардан, балки интернет имкониятларидан ҳам фойдаланишим зарур. Шу боис ўзим яшаётган «Истиқбол» маҳалласини интернет билан таъминлашни сўраб оммавий қабулга мурожаат қилдим. Маҳалламиз янги, 650га яқин хонадон мавжуд. Мутасаддилар томонидан мурожаатим жойида ўрганиб чиқилди ва шу куннинг ўзида беш юз метрга яқин кабел тортилиб, маҳалламиз «Ўзонлайн» интернети билан таъминланди. Энди бемалол уйда ҳам компютерим орқали глобал тармоққа кириб, ZiyoNET таълим портали материалларидан фойдаланишим, турли дастурлаш тилларини мустақил ўрганишим мумкин. Бу янгилик маҳалламиз аҳлини жуда қувонтирди, бошқалар ҳам интернетга уланишни бошлаб юборишди. Мурожаатимни тез муддатда ҳал қилиб берган АКТ мутасаддиларига, жумладан, Янгибозор телекоммуникациялар боғламаси бошлиғи Дилшод Милибоев раҳбарлигидаги телекомчи йигитларга миннатдорлик билдираман.

Оммавий қабул мобайнида икки нафар ёшнинг соҳа бўйича ишга қабул қилингани, айниқса, қувонарли.

Оммавий қабул мобайнида икки нафар ёшнинг соҳа бўйича ишга қабул қилингани, айниқса, қувонарли. Масалан, 1993 йили туғилган бекободлик Сардорбек Раупов алоқа соҳаси бўйича ўрта махсус таълимга эга. Аммо, у шунча йил соҳада ишламаган. Бекободдаги заводда, ҳатто отаси билан Россияда ҳам ишлашга мажбур бўлган. Ниҳоят, Бекобод туманида ўтказилган оммавий қабулга иш сўраб мурожаат қилиб янглишмади.

Олмалиқлик Дурдона Ҳамзаева эса Олмалиқ телекоммуникациялар боғламасига иш юритувчи сифатида ишга олинди. Аслида у оммавий қабулга келиб, Бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилган эди. У ердан афсуски мурожаатига қониқарли жавоб ололмади. Уйига ноумид қайтаётган бу қиз алоқа соҳаси вакиллари эътиборини тортди. Сўраб-суриштиришлардан маълум бўлдики, мурожаатчининг коллежни битирганлик ҳақидаги дипломи айнан алоқа соҳасига тегишли экан. Пайсалга солинмай тезда ҳужжатлари расмийлаштирилди. Бир ёш авлод вакили қалбида умид уйғонди. У ўзи хоҳлаган соҳада иш бошлади.

Хулоса ўрнида айтсак, икки ҳафтада бутун вилоятдаги барча муаммоларга, хусусан, АКТ тизимидаги мурожаатларга ечим топиш қийин, албатта. Чунки, кўплаб мурожаатлар жойида ҳал этилган бўлса-да, шундай муаммолар борки, улар маълум вақт ва маблағ талаб қилади. Аммо, айтиш мумкинки, Тошкент вилоятидаги оммавий қабулларда соҳамиз вакиллари арзирли натижаларга эриша олди. Муҳими, фуқаролар бугунги кунда жамият тараққиёти, инсонлар дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга ушбу соҳа ҳақида кўпроқ тушунчага эга бўлишди. Одамларда АКТ соҳаси бўйича билим етарли бўлса, очиқ-ошкора жамият қуриш борасидаги вазифалар шунчалик осонлашади. Оммавий қабуллар ҳали кўп бўлади.

Усмонжон Йўлдошев, «Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг