Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

OGU-2026: халқаро ҳамкорлик ва янги имкониятлар майдони

OGU-2026: халқаро ҳамкорлик ва янги имкониятлар майдони

Пойтахтда бўлиб ўтган «Ўзбекистон нефть ва гази — OGU 2026» кўргазмаси нафақат йирик соҳавий тадбир, балки халқаро ҳамкорлик ва янги инвестициявий алоқаларни шакллантирувчи муҳим мулоқот платформасига айланди. Кўргазманинг илк кунлариданоқ CAEx Uzbekistan мажмуасида ишбилармонлик муҳити, фаол музокаралар ва профессионал учрашувлар жадал тус олди.

Тадбирнинг энг фаол нуқталаридан бири «Ўзбекнефтгаз» корпоратив стенди бўлди. Бу ерда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи компаниялар, инвесторлар ва соҳавий экспертлар билан қатор учрашувлар ташкил этилди. Учрашувларда нефть-газ ва нефть-газ кимёси соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Кўргазма доирасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ вакиллари Франция, Германия, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва бошқа давлатлардан келган 35 дан ортиқ хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказди. Улар орасида "Arkema", "KBR Inc.", "ILF Consulting Engineers", "Haldor Topsoe", "Rossari Biotech", "Zeppelin" ҳамда "SIBUR" каби йирик халқаро компаниялар бор.

Музокаралар давомида кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, нефть ва газни чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий этиш, инновацион материаллардан фойдаланиш ҳамда саноат объектларини модернизация қилиш бўйича истиқболли ташаббуслар кўриб чиқилди.

Айниқса, энергия самарадорлиги, экологик барқарорлик ва «яшил» технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хорижий компаниялар Ўзбекистон нефть-газ тармоғини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорлик имкониятларига юқори қизиқиш билдирди.

Шу билан бирга, «Ўзбекнефтгаз» АЖ делегацияси хорижий компаниялар стендларида ҳам бўлиб, энергетика соҳасидаги замонавий технологик ечимлар, муҳандислик ишланмалари ва илғор халқаро тажриба билан яқиндан танишди. Бу каби учрашувлар нафақат тажриба алмашиш, балки келгусидаги аниқ қўшма лойиҳалар учун мустаҳкам асос яратаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

OGU-2026 бугунги кунда Ўзбекистоннинг очиқ ва инвестициялар учун жозибадор энергетика бозори сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлаб, мамлакатнинг халқаро энергетик ҳамкорликдаги ўрни тобора ортиб бораётганини намоён этмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг