Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек-ҳинд қўшма уруғчилик кластери ташкил этилади

Ўзбек-ҳинд қўшма уруғчилик кластери ташкил этилади

Фото:Инновацион ривожланиш матбуот хизмати

Ҳиндистоннинг Гандинагаре шаҳрида бўлиб ўтган  «Жўшқин Гужарат» IX халқаро инвестиция саммитида сармоядорларни Ўзбекистонга жалб қилиш, турли соҳаларда истиқболи лойиҳаларни амалга ошириш бўйича давлат раҳбаримизнинг илгари сурган қатор таклиф ва ташаббуслари ўлароқ Ўзбекиcтон ҳукумати делегацияси аъзолари мезбонлар билан илғор технологиялар ва билимлар алмашишга доир келишувларга эришдилар, дея хабар қилади Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати. 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ҳамда Гужарат штатига чегарадош бўлган Махараштра штатидаги гибрид ва генетик модификацияланган (ГМ) уруғларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш билан шуғулланувчи «Nath Bio-Gens Ltd» компанияси билан Андижонда ўзбек-ҳинд қўшма уруғчилик кластерини ташкил этишга келишдилар.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Саидкомол Ходжаев ҳамда «Nath Bio-Gens, Ltd» компанияси раҳбари Сатиш Кахливаз имзолаган ҳужжатга асосан, Ўзбекистонда уруғ етиштириш учун ер майдони ажратилиб, давлат-хусусий шерикчилик асосида уруғчилик кластери ўз фаолиятини бошлайди. Бунда уруғларни кўпайтириш ва тайёрлаш учун ҳиндистонлик мутахассисларга маҳаллий экин навларининг муртак плазмалари ва юртимизда яратилган экин навлари билан ишлаш имконияти берилади.

«Nath Bio-Gens» компанияси уруғ етиштиришдан то уларни сотишгача бўлган барча босқичларни ўз ичига олувчи замонавий тизимни яратиш учун тўғридан-тўғри инвестициялар киритади, шунингдек уруғларни янги навларини тақдим этади, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида уруғларни тижоратлаштириш механизмлари бўйича амалий маслаҳатлари билан соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Ҳиндистондан Ўзбекистонга пахта, буғдой, помидор, картошка, ерёнғоқ, ловия ва сабзавотлар каби энг муҳим қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича уруғчилик соҳасидаги янги инновациялар олиб кирилади, бу йўналишдаги тижоратлашириш ишлари ҳам биргаликда амалга оширилади.

Яқин кунларда ҳинд мутахассислари юртимизга ташриф буюриб, уруғчилик соҳасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиб, баҳо бериши, ҳамкорликка доир масалалар эса янада батафсил муҳокама этилиши кутилмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг