Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

«Ўзбекэнерго»нинг яхши янгилиги

«Ўзбекэнерго»нинг яхши янгилиги

«Ўзбекэнерго» акционерлик жамияти

Фото: «Sputnik»

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир эълонга кўзим тушиб қолди. Унда ёзилишича, «Ўзбекэнерго» акционерлик жамияти аҳолига қулай бўлиши учун «телеграм» ижтимоий тармоғида канал ишга туширибди, аҳоли электр энергияси билан боғлиқ муаммолари ҳақида ана шу каналга ёзиши мумкин экан. Каналга дарров аъзо бўлдим ва «Ўзбекэнерго» ходимлари аҳоли мурожаатига қанчалик тез жавоб қайтаришини ва охирги пайтларда маҳалламизда юз бераётган электр тақчиллиги сабабини билиш ва бу масалада ёрдам беришларини сўраб ёзиб, канал администраторига мурожаат қилдим.

Мен мурожаатимни ёзганимда вилоятимиз, туманимиз, маҳалламиз номини ёзибману ўзимнинг исм-фамилиям ва телефон номеримни ёзмабман. Шу туфайли «Ҳурматли фуқаро, ўз исм-фамилиянгиз ва телефон рақамларингизни ҳам ёзинг» деган жавоб келди. Кечиктирмасдан ўзим ҳақимдаги маълумотларни ҳам ёзиб жўнатдим. Орадан икки соат ўтиб менга номаълум бир рақамдан қўнғироқ бўлди. Туманимиз электр тармоқлари корхонасидан қўнғироқ бўлаётган экан. Улар муаммони сўрашди. Айтдим. Амалий ёрдам берамиз деб ваъда беришди. Электр энергияси таъминоти ўша куниёқ яна анча яхшиланди.

Орадан уч кун ўтиб маҳалламиз фаолларига ўша мурожаатим ҳақида айтган эдим, улар маҳалламиз ҳудудидаги трансформатор фойдаланувчи кўпайиб кетганлиги туфайли зўриқиш билан ишлаётгани, шунинг учун уни ё каттароғига алмаштириш ёки яна битта янги трансформатор ўрнатиб беришларини сўраб мурожаат ёз дейишди. Мен маҳалла аҳли номидан ёзиб юбордим. Бу сафар ҳам икки соатда қўнғироқ бўлди. Самарқанд вилоят электр тармоқлари корхонаси бошлиғи экан (исмини Маҳмуд ака деди, фамилиясини сўраб ўтирмадим). У муаммони сўради ва кейин маҳалла раиси номидан вилоят электр тармоқлари корхонасига ёзма мурожаат билан чиқишимизни, шундан сўнг ходимлар бориб вазиятни ўрганишларини ва лозим топилса янги трансформатор ўрнатиб берилишини ёки ҳозирги трансформаторимиз кучлироқ трансформаторга алмаштириб берилишини айтди.

Мени қойил қолдирган жиҳати шу бўлдики, компания уйда ўтириб, телефондан ёзиб юборган мурожаатимга икки соатдан кечиктирмасдан жавоб бераяпти. Қилинаётган мурожаатлар ортидан муаммоларнинг қанчалик бартараф этилаётгани ёки этилмаётгани бошқа масала. Муҳими сиз исталган жойдан телефонингиз орқали боғланаверасиз ва компания ходимлари икки-уч соатдан кечиктирмасдан «нима муаммо?» деб сиз билан боғланишаяпти ва бу иш аҳоли учун ниҳоятда қулай бўлаяпти.

Шу ерда «Ўзбекэнерго»нинг бу ибратли ишини бошқа вазирликлар, қўмиталар, компаниялар ҳам жорий қилиши керак деган хулосага келаяпман. Чунки ҳозир жойларда турли муаммолар юзасидан кимга ва қаерга мурожаат қилишни билмай юрган одамлар кўп. Узоққа бормайлик, Тошкентга ишим юзасидан тез-тез бориб келишимни биладиган маҳалладошларим «фалон муаммо юзасидан хат ёзган эдим, шуни Тошкентга олиб кетиб, керакли жойга етказсанг» деб тез-тез сўрашади. Бу мурожаатлар турли идора ва вазирликларга ёзилган бўлади. Уларга жавоб келиши учун хам неча кундир вақт керак. Агар турли вазирлик, қўмита, компаниялар «телеграм» ижтимоий тармоғида канал очиб, «Ўзбекэнерго»га ўхшаб муаммоларни қабул қилиб, кейин унга зудлик билан саноқли соатларда жавоб беришни йўлга қўйсалар, аҳоли учун ниҳоятда қулай бўлар эди.

Шу ерда ўқувчиларда «Ким ҳозир хат ёзар экан? Ана www.my.gov.uz, www.pm.uz каби сайтлар орқали мурожаат қилаверади-да» деган фикр туғилиши мумкин. Тўғри, аммо ўша сайтларда мурожаат ёки таклифларни ёзиш учун олдин рўйхатдан ўтиш лозим экан. Аммо телефон орқали эмас, фақат компьютер орқали ўтилар экан. Ҳозир кўпчиликда компьютер бўлмаса ҳам ҳаммада телефон борлигини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги сайтлар орқали мурожаатдан кўра оддийгина телефон орқали мурожаат қилиш ахоли учун қулайроқ. Бу масаланинг бир тарафи. Иккинчи тарафи шундаки, агар турли вазирлик, қўмита, компаниялар «Ўзбекэнерго»дай «телеграм» ижтимоий тармоғи орқали аҳоли учун қулай мурожаат канали очиб қўйсалар аҳоли ўша муаммо тегишли бўлган вазирлик, қўмита ёки компаниянинг ўзига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши ва масаланинг тезроқ кўриб чиқилишига замин яратар эди.

Масалан, «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекистон ҳаво йўллари» каби компаниялар мурожаатлар учун канал ишга туширса, аҳоли бу канал орқали ўзига керак бўлган барча маълумотларни тезда билиб олаверар эди. Ёки чипталар масаласида қандайдир муаммолар чиқса, компанияга ана шу канал орқали тўғридан-тўғри мурожаат қилиб муаммоларини ҳал қилаверар эди. Ёки ИИВ ва унинг турли бошқармаларига мурожаат ҳам осон етиб борар ва улар томонидан тез жавоб қайтарилар эди.

Мен юқорида «Ўзбекэнерго» мурожаатимга икки-уч соатда жавоб берди дедим. Бу хизматни такомиллаштириб ундан ҳам тезроқ жавоб берадиган қилса бўлади.

Албатта, бу ёзганларим бир таклиф холос. Аммо давлатимизнинг энг асосий мақсадларидан бири одамларнинг муаммоларини зудлик билан ҳал қилиш, уларга қулайлик яратиш экан, менинг бу фикрларимни тегишли ташкилотлар ўйлаб кўрадилар ва ижобий қарор чиқарадилар деб ўйлайман.

«Ўзбекэнерго» билан билан боғланиш учун: 

https://t.me/uzbekenergomuloqot/10     @uzbekenergo_admin        @uzbekenergomuloqot 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг