Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент ташаббуси. Мирзаободда «Рақамли технологиялар маркази» очилди (фото)

Президент ташаббуси. Мирзаободда «Рақамли технологиялар маркази» очилди (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганди.

Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туманлар марказларида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган эди.

Бу марказларда электрон тижорат ва дастурлаш бепул ўргатилади, ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича инновацион кўникмалар берилади, «стартап» лойиҳаларга ёрдам кўрсатилади.

Президент томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида шундай марказлар ташкил этиш бўйича концепция ишлаб чиқилди.

Бугун, 22 март куни «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси Сирдарё вилоят филиали Мирзаобод тумани телекоммуникация боғламаси маъмурий биносида «Рақамли технологиялар маркази» очилди.

Қисқа фурсатларда вазирлик томонидан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Рақамли технологиялар ва IТ-тадбиркорлик ўқув марказини очиш бўйича ташкилий чоралар кўрилиб, марказ замонавий компютерлар ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ушбу марказнинг мамлакатимиз бўйлаб Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари давом этаётган пайтда очилиши Сирдарё вилояти ёшларига муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Мирзаобод туманида жойлашган мазкур марказ Сирдарё вилоятининг шаҳар ва туманларда очиладиган бошқа марказлар ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси асосида ташкил этилаётган Технопарк ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради.

Марказда ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик йўналишида ўқув курслари ташкил этилади. Унда 3 та ёш тоифасида, яъни 9-15, 16-19 ҳамда 20-25 ёшдаги таълим олувчилар босқичма-босқич ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бўлажак мутахассислар сифатида тайёрланади.

Қолаверса, марказда ёшларни компютер спортига (киберспортга) жалб қилиш, киберспорт қоидаларини ўргатиш, турли ўйинлар бўйича гуруҳларни шакллантириш, жамоавий ўйинлар амалиётини ташкил этиш, республика миқёсида мусобақалар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

«Рақамли технологиялар маркази»нинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг