Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жуэн О: «Профессорнинг иши фақат дарс бериш эмас»

Жуэн О: «Профессорнинг иши фақат дарс бериш эмас»

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) — Корея университетлари тарихида Корея ташқарисида очилган биринчи олий таълим даргоҳи. IUT даги таълим жараёни тўлиқ кореяликлар назорати остида. IUTда дунёнинг машҳур университетларида таҳсил олган жанубий кореялик, америкалик, франциялик, болгариялик, ўзбекистонлик ва бир қатор бошқа мамлакатлардан келган ўқитувчи-профессорлар юртимиз ўғил-қизларига логистика ва компьютер-ахборот технологиялари соҳаси сирларини халқаро стандартлар даражасида ўргатишмоқда.

Улар орасида икки йилдан буён IUT талабаларига менежмент фанларидан аъло даражада сабоқ бериб келаётган Жанубий Кореядан келган профессор Жуэн О хоним ҳам бор. Биз ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида профессор Жуэн О билан учрашиб, суҳбатлашдик.


— Жанубий Кореяда «Ўқитувчилар ва мураббийлар» байрами борми?

— Ҳа, 15 май «Ўқитувчилар куни» деб белгиланган. Лекин сиздагидан фарқи — «Ўқитувчилар куни» Кореяда оддий иш куни, яъни дам олиш куни эмас. Ўтган йили мен Ўзбекистондаги «Ўқитувчи ва мураббийлар куни»га бағишланган байрам тадбирларини кўриб, жуда ҳайрон ва хурсанд бўлдим. IUT талабалари ўқитувчи-профессорлар учун махсус ва ажойиб байрам тадбири ташкил қилишди, чин дилдан табриклаб, совғалар тақдим этишди. Мен Ўзбекистон ҳукумати устоз ва мураббийларга кўрсатаётган ҳурмат-эътибордан жудаям таъсирландим.

— Биз сизни IUT да талабаларга менежмент фанларидан аъло даражадаги маърузаларингиздан ташқари менежмент соҳасида илмий тадқиқотлар ҳам олиб бораётганингиз ҳамда нуфузли халқаро менежмент журналларида IUT номидан икки йил ичида бир нечта мақола чоп эттирганингизни эшитиб хурсанд бўлдик. Бу албатта Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг дунё университетлари орасидаги рейтинги ва нуфузи ошишига хизмат қилади. Ҳозир қандай илмий тадқиқотлар билан бандсиз?

— Илмий тадқиқотларим Кадрлар менежменти соҳаси ҳақида. Ҳозир биласиз, Ўзбекистонда университетларнинг халқаро рейтингини кўтариш ва олий таълим ҳамда илмий тадқиқотлар сифатини ошириш мақсадида мамлакатингиз университетлари ва илмий тадқиқот муссасаларига маъруза ўқиш ва маҳаллий профессор олимлар билан халқаро даражадаги илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун чет элдан малакали профессорлар жалб қилиняпти. IUT да чет эллик профессорлар кўпчиликни ташкил этишидан ҳам хабардорсиз. Шунинг учун ҳозир мен IUTда ва Ўзбекистондаги бошқа университетларда ишлаётган чет эллик ва маҳаллий профессорлар орасида сўровномалар ва интервьюлар ташкил қилиб, улар Ўзбекистон университетларида ва умуман Ўзбекистондаги ҳаёт тарзига мослашиши ва муваффақиятли фаолият олиб боришлари учун қандай омиллар муҳимлигини тадқиқ қиляпман.

Бу тадқиқотимнинг биринчи натижа ва хулосалари бўйича ёзган битта мақоламни яқинда халқаро менежмент журнали чоп этиш учун қабул қилди. Якуний натижаларимни олганимдан сўнг эса каттароқ мақола ёзиб, уни ҳам халқаро менежмент журналида чоп эттиришни режалаштирганман. Мен шунга аминманки, ушбу тадқиқот натижаларим ва тавсияларим Ўзбекистонга ишга келувчи чет эллик профессор ҳамда бошқа мутахассисларга Ўзбекистондаги ҳаёт тарзига, ўзбек маданиятига ва бу ердаги иш муҳитига мослашиб муваффақиятли фаолият олиб боришларида ёрдам беради.

Бундан ташқари, мен Ўзбекистонда очилаётган хорижий компания ва хорижий университетларга маҳаллий номзод кадрларни танлаб олиш-саралаш мезонлари, интервью ўтказиш стратегияси, бир сўз билан айтганда, қандай қилиб Ўзбекистонда муваффақиятли рекрутинг жараёнини ташкил қилиш борасида тадқиқотлар олиб бориб, ўз тавсияларимни тайёрлаяпман.

Фото: «Xabar.uz»

— Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистонда катта обрўга эга. Энди қандай қилиб IUT мавқеи ва нуфузини Марказий Осиё ва бутун дунёда ҳам кўтарса бўлади?

— Билсангиз керак, дунёдаги университетлар рейтинги бир неча мезонлар асосида белгиланади. Булардан энг муҳимлари — университет профессорлари нуфузли халқаро илмий журналлар базасига (Web of Science, SCOPUS илмий базалари) кирувчи журналларда чоп этган мақолалар сони ва сифати, университетда битта профессорга тўғри келувчи талабалар ўртача сони (бу кўрсаткич катта бўлмаслиги керак), университетда таълим олаётган хорижий талабалар ва таълим-тадқиқот олиб бораётган хорижий профессорлар сони ва улушлари.

Албатта, университетимизнинг дунё университетлари орасида рейтинги ва нуфузини кўтаришда, ўйлайманки, энг аввало, биз — профессорларда катта маъсулият ётади. Ўзини ҳурмат қилган ва ўзини профессор деб ҳисоблаган ҳар бир инсон университетда нафақат талабаларни ўқитиши, балки сифатли тадқиқотлар олиб бориши ва бир йилда ҳеч бўлмаганда 1-2 та мақолани нуфузли халқаро илмий журналларда чоп эттириши шарт.

Ўз касбини севган ва малакали профессор бунинг учун ҳар доим имконият топади. Масалан, агар университетда илмий тажриба учун керакли қандайдир ускуна мавжуд бўлмаса, профессор бошқа илмий марказ ва университет лабораториялари билан ҳамкорлик қилиб, бемалол керакли тажрибаларини у ерда ўтказиши, унинг натижаларини таҳлил қилиб, илмий мақола ёзиши мумкин. Албатта, илмий мақолани нуфузли халқаро илмий журналда чоп эттириш учун, мақолада сифатли ва долзарб тадқиқот олиб борилган ва олинган натижалар шу фан соҳаси учун янги, муҳим ва керакли бўлиши лозим. Сифатсиз мақолани нуфузли халқаро илмий журналда чоп эттириб бўлмайди.


Агарда профессор мунтазам равишда долзарб илмий тадқиқотлар олиб бормаса, у ўз малакасини йўқота боради ва талабаларга фаннинг энг сўнгги натижаларини ўз ичига қамраб олган маърузаларни тақдим эта олмайди, яъни профессор ўтмишда «қотади».   


Биласизки, ҳозирда дунёда илмий тадқиқотларнинг энг катта улуши барча фан соҳаларида назарий моделлаштириш ҳамда шу назарий моделлар асосида компьютерларда ҳисоблаш ва якуний натижалар олишдан ва уларни таҳлил қилишдан иборатдир. Бундай илмий тадқиқотларни олиб бориш учун тезкор компьютердан ташқари бошқа лаборатория ускуналари талаб этилмайди. Масалан, бизнинг IUTда катта ҳажмдаги хотирани ўз ичига олган серверлар ва катта тезликдаги электрон ҳисоблаш машиналари (компьютерлар) мавжуд. Демак, университетимизнинг ўзида профессорларимиз бемалол катта ҳажмдаги назарий ҳисоблашларни амалга ошириб, олинган натижаларни таҳлил қилиб, мақола ёзишлари мумкин.

Ҳар бир университетда, талабаларга юқори даражада маърузалар ўқишдан ташқари, илмий натижаларини халқаро илмий журналларда чоп эттираётган профессорлар — университетнинг юрагидир. Шунинг учун, университетнинг мақолалар сони ва нуфузини ошириш мақсадида, бундай профессорларга, мақола чоп этмаётган оддий профессор-ўқитувчиларга қараганда, камроқ маъруза юкламаларини (соатларини) белгилаш керак.

Яқин келажакда IUTда магистратура очилиши режалаштирилмоқда, унда профессорларимизга магистр талабаларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилиш талаб этилади. Бу дегани, профессорларимиз маърузалар ўқишдан ташқари, албатта, сифатли илмий тадқиқотлар олиб боришлари ва илмий мақолаларини нуфузли хорижий илмий журналларида чоп эттириб, Тошкентдаги Инҳа университетининг дунё университетлари орасидаги рейтинги ва нуфузи ошишига ўз ҳиссаларини қўшишлари шарт.

Суҳбатингиз учун раҳмат!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг