Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рақамли ҳукумат. Ўзбекистон делегацияси Сингапур тажрибасини ўрганди

Рақамли ҳукумат. Ўзбекистон делегацияси Сингапур тажрибасини ўрганди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон делегацияси рақамли ҳукуматни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Сингапурга ташриф буюрди.

Делегация таркибидан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази ҳамда Мирзо Улуғбек инновация маркази вакиллари ўрин олди.

Сингапур — аҳоли ва бизнесга электрон хизматлар тақдим этиш бўйича дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланади. 2005-2016 йиллар давомида Сингапур давлат органлари ўз хизматларини электрон шаклда тақдим этишни бошлашди. 2005-2009 йиллар давомида 1600 та давлат хизматлари (барча хизматларининг 80 фоизи) электрон шаклга ўтказилди.

Ҳозир мамлакат «Рақамли ҳукумат» тизимини қурмоқда. Мазкур тизим доирасида фуқаролар рақамли давлат хизматларидан қачон хоҳласа ва қаерда истаса фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.Тизим барча идораларнинг фаолияти мужассам бўлган ҳамда фуқаро билан икки томонлама алоқа таъминланган ягона рақамли платформада давлат бошқарув қарорларини қабул қилиш имкониятини беради.

Сингапур «agile»  (тезкор) режимидаги давлат хизматларини ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратмоқда. Яъни, давлат идоралари тезкор равишда давлат хизматларини ишлаб чиқаришади ҳамда татбиқ этишади. Сўзсиз, кадрларни тайёрлаш ва тадқиқотлар ўтказиш «Рақамли ҳукумат» тизимини яратишдаги муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади.

Сингапур Миллий университетининг Тизимли фанлар институти қошидаги Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази (NUS ISS/eGL) салоҳиятни мустаҳкамлаш, маслаҳат ва амалий тадқиқотларда кўмак кўрсатади.

Талаб қилинган рақамли давлат хизматларини ишлаб чиқаришда хизматлардан фойдаланувчининг талабларига ҳамда дизайн-фикрлашга катта эътибор берилади. Бунга эса Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази тингловчилари ўқитилади.

Ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси SCEнинг раҳбарлари ва вакиллари «GovTech» ҳукумат технологиялари агентлиги, Сингапур Миллий университетининг Тизимли фанлар институти қошидаги Электрон ҳукуматнинг етакчилик маркази, «KDi Asia Pte. Ltd», «Ecquaria», «vCargo Cloud», «SMRT», «ST Electronics», «NCS» ва «Surbana Jurong» компаниялари билан учрашувлар ва музокаралар ўтказди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Нанянг технология университети, Журонг шаҳар кенгаши, Сингапур кибер хавфсизлиги агентлиги, Сингапур ер транспорт бошқармаси ва «Infocomm Media Development Authority» (IMDA) вакиллари билан учрашди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон вакиллари электрон ва рақамли ҳукуматни ривожлантиришнинг асосий босқичлари, шунингдек, «ақлли шаҳарлар» яратиш билан танишишди. Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда АТ-мутахассислар тайёрлаш ва инновацияларни татбиқ этиш бўйича Сингапур тажрибаси кўриб чиқилди.

Томонлар АТ-инфратузилмани ва маълумотларни ҳимоя қилишда кибер хавфсизлик масалалари, шунингдек, «хавфсиз шаҳар» лойиҳаси амалга оширилишини муҳокама қилишди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари Сингапурда ишлаб чиқарилаётган ҳамда жорий қилинаётган инновацион лойиҳалар билан танишдилар. Хусусан, Нанянг технология университетида сингапурликларнинг Нидерландиянинг «2 Get There» компанияси билан ҳамкорликдаги ҳайдовчисиз шаҳар автобусларининг ишланмаси намойиш этилди. Ҳозирда бундай автобуслар «Чанги» халқаро аэропортида синовдан ўтказилмоқда.

«Ўзбекистон ҳукумати АТ-бозори ва давлат томонидан электрон хизматларни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Сингапур Буюк Британия, Австралия ва Жанубий Корея кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукумат рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаган. Айни вақтда, Сингапур ялпи ички маҳсулотидаги АКТ соҳасининг улуши 9-11 фоизни ташкил этмоқда», — деди Ўзбекистон делегацияси аъзоси, Инновация маркази директори ўринбосари Баҳодир Аюпов. — «Сингапурга бўлган мазкур ташриф чоғида биз ахборот технологияларини ривожлантириш, «ақлли» ва «хавфсиз» шаҳарлар, шунингдек, АТ-инфратузилма хавфсизлигини таъминлашдаги Сингапурнинг энг яхши тажрибаларни ўргандик. Орттирилган билимлар э-ҳукумат ва рақамли трансформация бўйича лойиҳаларни амалга ошириш йўналишидаги ўз ишимизни янада самарали ташкил қилиш имконини беради».

«Ташриф — биз уларнинг кадрларни тайёрлаш борасидаги тажрибасини янада чуқурроқ ўрганиш учун Сингапур ташкилотлари ва компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйишимиз кераклигини кўрсатди», — қўшимча қилди у.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон делегацияси ўз ташкилотлари учун бизнес-жараёнларни реинжиниринги ҳамда улар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишади.

Маълумот ўрнида:

Мазкур таништирув ташрифи АКТ вазирлиги ҳамда БМТТДнинг «Самарали Давлат Бошқарувини ривожлантириш ва Рақамли Трансформацияга кўмак» қўшма лойиҳаси доирасида АКТ вазирлиги ва Ҳамкорлик бўйича Сингапур давлат агентлиги (SCE) ўртасида имзоланган Англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг