Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рақамли трансформация — Ўзбекистон ва Россия учун янги воқелик

Рақамли трансформация — Ўзбекистон ва Россия учун янги воқелик

Фото: «Xabar.uz»

Аввал хабар берганимиздек, Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»  кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича I форум бўлиб ўтмоқда. Форумда «Xabar.uz» мухбири ҳам иштирок этмоқда.

Бугун, 18 октябрь куни мазкур форумнинг биринчи иш кунида турли шўбаларда долзарб мавзуларда йиғилишлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, «Рақамли трансформация — Ўзбекистон ва Россия учун янги воқелик» деб номланган сессия рақамли бошқарув, иқтисодиётнинг турли жабҳаларида космик технологияларни қўллаш, ахборот хавфсизлиги сингари мавзуларни қамраб олди.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигини янада ривожлантиришда рақамли технологияларнинг афзалликлари кенг муҳокама қилинди. Хусусан, ушбу мавзуларда россиялик мутахассислар — Муса Чилиев, Анатолий Красников, Андрей Помешкин, ўзбекистонлик мутахассислар — Олим Умаров, Азамат Кароматов, Дониёр Отажонов ва бошқаларнинг чиқишлари иштирокчилар ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: «Xabar.uz»

Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Азамат Караматов йил охиригача интернет тармоғига уланиш тезлигини 10 баробарга ошириш бўйича кенг қамровли лойиҳа якунланиш арафасида эканини маълум қилди. Лойиҳа амалга оширилгач, йил охиригача халқаро интернет-каналнинг ўтказувчанлик имконияти ўн баробарга ошиши таъминланади.

Фото: «Xabar.uz»

Ҳозирда Россия Федерацияси билан ахборот-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликнинг  асосий йўналишларидан бири телекоммуникация, почта алоқаси, шунингдек, АКТ соҳасидаги кадрларни тайёрлаш йўналишларида амалга оширилмоқда. Хусусан, телекоммуникация соҳасида «Ўзбектелеком» АК узоқ муддат давомида Россиянинг «Ростелеком», «ВымпелКом», «ММТ», «Мегафон», «Компания ТТК» ва «Миател» каби йирик компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келади.

Почта алоқаси соҳасида «Ўзбекистон почтаси» АЖ «Почта России» федерал давлат унитар ташкилоти билан ҳамкорлик қилади.

Алоқа ва ахборот технологиялари соҳасидаги кадрларни тайёрлашда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети М.А.Бонч-Бруевич номидаги Санкт-Петербург давлат телекоммуникациялар университети ва Москва алоқа ва информатика техника университети билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Рақамли технологиялар таъсири натижасида дунё жадал ўзгариб бормоқда. Рақамли технологиялар давлат фаолиятининг барча тармоқларига кириб келди ва исталган давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ривожи ва рақобатбардошлиги ахборот технологияларининг самарали ривожланишига боғлиқ. Айнан замонавий рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ва бунинг учун барча зарур шароитларнинг яратилиши давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

2017 йил якунларига кўра, республикада ахборот технологиялари соҳасидаги хизмат кўрсатиш ҳажми 7,9 трлн. сўмни ташкил этди, экспорт ҳажми эса 135,6 млн. доллардан ошди. Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компаниялар сони 1473тани ташкил этди (янги ташкил этилган компаниялар сони 80та, яратилган янги иш ўринлари 617та), компьютерни дастурлаш хизмати ҳажми эса 436,6 млрд. сўмни (ўсиш 114,3 фоиз) ташкил этди. Хизмат экспорти — 6,7 млн. доллар (148,9  фоиз).

Иқтисодиётнинг реал секторига ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш бўйича 72 та лойиҳа амалга оширилди. Бу эса бошқарув самараси ортишига, ишлаб чиқаришдаги кечикишларнинг камайишига, ички ва ташқи бозорда маҳсулотлар рақобатбардошлигининг ошишига хизмат қилди.

Сессия доирасида қуйидаги масалалар ҳам кенг муҳокама қилинди:

  • рақамли иқтисодиётнинг имкониятлари ва истиқболдаги ривожланиш потенциали;
  • иқтисодиётнинг турли тармоқларида замонавий космик технологияларни қўллаш;
  • давлат бошқаруви тизимини рақамлаштириш;
  • миллий интернет ахборот манбаларини ривожлантириш;
  • рақамли иқтисодиёт соҳасида мутахассислар тайёрлашнинг халқаро тизими.

Анжуман иштирокчилари рақамли иқтисодиёт, АКТ-мутахассисларни тайёрлаш, технопаркларни ривожлантириш, жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассисларнинг малакасини ошириш, почта алоқасини ривожлантириш ва телеузатиш соҳаларида ўзаро алоқаларни давом эттириш борасида якдил фикрга келишди.

Қатнашчилар Ўзбекистон томонига конференциянинг юқори даражада ташкил этилгани ва учрашувларни мунтазам ўтказиб бориш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг