Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент вилоятида тезкор интернет нуқталари сони оширилди

Тошкент вилоятида тезкор интернет нуқталари сони оширилди

Фото: «Xabar.uz»

Тошкент вилоятида 14та туман бўлиб, улар ичида пойтахтга туташлари билан биргаликда узоқ тоғли ва чекка ҳудудлар ҳам мавжуд. Ушбу туманлар аҳолисига сифатли телекоммуникация хизматлари кўрсатиш «Ўзбектелеком» АК Тошкент филиали алоқачилари зиммасига юклатилган.

Вилоят телекоммуникация тармоғини босқичма-босқич истиқболли ривожлантиришни мақсад қилиб олган алоқачилар айни кунларда бор куч ва имкониятларини ишга солган ҳолда астойдил меҳнат қилишяпти.

Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг дастлабки натижалари кўриниб қолди. Вилоят ҳудудига 54та кичик ҳажмли жами 7002 портга тенг Мini MSAN (АТСлар) қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.

— Ушбу қурилмаларга туманлар телекоммуникация боғламасидан оптик толали алоқа кабеллари орқали боғланиляпти. Натижада алоқа тезлиги таъминланиб, истеъмолчиларга телефондан ташқари тезкор интернет, IPTV каби қўшимча хизматлардан фойдаланиш имкониятлари яратилди, — дейди филиал эксплуатация бўлими бошлиғи Акмал Мадиев. — Ушбу станциялар энергия тежамкорлиги, ташқи манбадан автоном равишда фойдаланган ҳолда максимал 4 соат давомида узлуксиз ишлаши, бир пайтнинг ўзида оптик портлар орқали юқори тезликдаги замонавий GPON технологиясида аҳолига кенг полосали интернет хизматларини тақдим этиш имкониятига эга эканлиги билан аҳамиятли. Станциялар орқали чекка ҳудудлардаги телефонлашмаган аҳоли масканларини камхаржли оптик толали алоқа линиялари орқали интернет хизматлари билан таъминлаш мумкин.

Биз мазкур қурилмалар қандай самара бераётгани билан қизиқиб, Қуйичирчиқ тумани телефон боғламаси бошлиғи Бобур Абдураимов билан боғландик. Бобурнинг гапларига қараганда, туманнинг Мевазор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига ўрнатилган 128 портга тенг Мini MSANдан бугунги кунда 28 нафар фуқаро IPTV, 82 нафар мижоз интернет хизматларига уланиб, фойдаланяпти.

— Ўн беш нафардан иборат жамоамиз аъзолари билан бу муҳим ишни амалга оширишда иштирок этдик, — дейди Бобур Абдураимов. — Станцияни монтаж қилиш, кабелларни тортиш, янги столбалар ўрнатиш ишлари тез ва сифатли амалга оширилди. Бу борада бош муҳандисимиз Бахтиёр Жиянбоев, электромонтёрлардан Санжар Ўринбоев, Равшан Диҳанбоевларнинг ҳиссалари катта бўлди. Айни пайтда мутахассисларимиз Майдонтол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига ана шундай кичик қурилмани ўрнатишга тайёргарлик ишларини олиб боришяпти.

Мini MSAN қурилмалари ҳозирда вилоятнинг Бекобод, Оҳангарон, Ўртачирчиқ, Паркент, Юқоричирчиқ, Пискент туманларида сифатли ишлаб турибди. Шунингдек, синов усулида Зангиота, Тошкент, Қибрай, Чиноз, Оққўрғон, Янгийўл, Бўка туманларида ҳам ишлатиляпти. Ангрен шаҳри аҳолиси ҳам Мini MSAN станциялари хизматларидан фойдаланишяпти. Олмалиқ шаҳар Депо мавзеси ва Ипак йўли ҳудудларида, Бекобод шаҳрининг Муқимий МФЙда ўрнатилган кичик ҳажмли станциялар орқали ҳозирги кунда жами 4000га яқин аҳолига vDSL, IP-TV ҳамда юқори тезликдаги интернет хизматлари тақдим этилмоқда. Энг асосийси,  қишлоқ аҳоли масканларининг оптик кабел орқали интернет хизматларига уланишларига эришилди.

Абдурашид Абдумўминов, «Ўзбектелеком» АК Тошкент филиали директори:

— Вилоятимиз аҳолисига кўрсатилаётган телекоммуникация хизматлари сифатини ошириш, шунингдек, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини хизматларимиз билан тўлиқ таъминлашда «Кенг полосали тармоқни ривожлантириш дастури» асосида иш олиб бораётганимиз ўз самарасини беряпти. Жами 7002 портга тенг 54та кичик ҳажмли MSAN қурилмалари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилганлиги ҳам ана шу дастур ижроси билан боғлиқ.

Ўтган йилнинг тўртинчи чорагида бошланган бу муҳим вазифани амалга оширишда филиалимиз мутахассислари билан биргаликда жойлардаги туман телефон боғламалари алоқачилари ҳам жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишди. Ҳали олдимизда янада улкан марралар турибди. Биз жорий 2018 йилда яна 25 та Мini MSAN қурилмалари ўрнатишни режалаштирганмиз. Ва бу ишни амалга ошириш орқали вилоятимиздаги ҳар бир туман аҳолиси хизматларимиздан баҳраманд бўлишларига эришмоқчимиз.

Вилоятимиз аҳолисига, агар жойларда телефон, интернет, IPTV хизматлари сифати ҳақида эътирозлари бўлса, мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази (+99870-2021084)га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини яна бир бор эслатиб қўймоқчиман.

Алишер Худойберганов, филиал техник директори:

— Ўрнатган қурилмаларимиздан ҳозиргача 4000 нафарга яқин абонент фойдаланяпти. Албатта, қурилмаларни ўрнатиш билангина иш битмайди, яратилган имкониятлар ҳақида аҳолини хабардор қилиш ҳам муҳим масалалардан бири. Қурилма ўрнатилса-ю одамлар билмаса, катта маблағ эвазига ўрнатилган станция етарли фойда келтирмайди. Биз қурилмалар ўрнатилганидан ва унинг имкониятларидан аҳолини хабардор қилиш мақсадида жойлардаги маҳалла фуқаролар ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари фаоллари билан учрашувлар ўтказдик, аҳоли гавжум жойларга, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ушбу станциялардаги хизматлардан фойдаланиш юзасидан кичик эълонлар жойлаштирдик. Бу ишларимиз ўз самарасини узоқ куттирмади. Ўзлари учун яратилган имкониятдан хабар топган маҳаллий аҳоли хизматларимиздан фойдаланиш ҳақидаги аризалари билан кела бошладилар.

Бугунги кунда мижозларимиз томонидан интернет, IP-телевидение хизматларига талаб кўпроқ бўлиб, бир пайтнинг ўзида юқори тезликдаги интернет хизматларига ҳам уланишяпти. Биз келгусида улар талабини инобатга олган ҳолда иш юритамиз. Зеро, халқни рози қилиш олий мақсадимиз.

Муборак Миркамолова, «Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг