Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентдаги Инҳа университети ва Жаҳон банки «Digital CASA» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилади

Тошкентдаги Инҳа университети ва Жаҳон банки «Digital CASA» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилади

Фото: «Inha.uz»

Жаҳон банки миссияси 2018 йилнинг 15 август куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалолов билан учрашди.

Миссия таркибига рақамли технологияларда инновациялар бўйича мутахассиси Екатерина Громова ва маҳаллий АКТ мутахассиси ҳамда Жаҳон банки маслаҳатчиси Санжар Саидхўжаевлар бор эди.

Учрашув давомида халқаро молия институти вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Жанубий Корея ўқув дастурлари асосида «Компьютер ва дастурий инжиниринг» ҳамда «Логистика» йўналишларида  мутахассис тайёрлаш бўйича фаолияти билан танишдилар.

Шу билан бирга томонлар «Digital CASA» лойиҳаси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўртасида лойиҳанинг 4-компоненти доирасида ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар. Кутилишича, лойиҳа ўз фаолиятини Ўзбекистонда 2019 йилда бошлайди.

«Digital CASA» лойиҳасининг 4-компоненти рақамли тадбиркорлик, инсон капитали ҳамда рақамли кўникмалар ва бошқаларни ривожлантиришни назарда тутади.

«Digital CASA» — Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини ягона рақамли хабга боғлайдиган трансчегаравий телекоммуникацион тармоқни яратишга қаратилган халқаро лойиҳадир.

Бу лойиҳа денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатларга интернетдан фойдаланишни такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг транзит салоҳиятини ривожлантириши кутилмоқда. Унинг асосида Марказий ва Жанубий Осиё — икки минтақа ўртасида оптик толали линияни бирлаштириш ғояси ётади. Дастурдан кутилаётган натижа аниқ — вилоят аҳолиси муқобил тармоқлар орқали кенг полосали ҳамёнбоп интернетга уланиш имконига эга бўлишади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг