Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна битта «учар такси». У электр батареялари ёрдамида ҳаракатланади

Яна битта «учар такси». У электр батареялари ёрдамида ҳаракатланади

Фото: «Хайтек»

Детройтда бўлиб ўтган Шимолий Америка халқаро автосалонида «Airspace Experience Technologies»  компанияси вертикал ҳолатда кўтарилиб, парвоз этишга қодир учар қурилмани тақдим этди. «Mobi-One» номини олган қурилма электр батареялари ёрдамида ҳаракатланиб, бир вақтнинг ўзида йўловчилар ва юкларни ташишга мўлжалланган, деб хабар берди «Daily Tech Info».

Бу турдаги «учар такси»нинг вазифаси ерда ҳаракатланувчи транспорт воситалар тирбандлигига барҳам беришдан иборат.

Умуман олганда «Mobi-One» қурилмаси «Detroit Aircraft Corporation» (DAC) компанияси мутахассислари томонидан яратилган ва «AirSpaceX» компанияси мутахассислари уни якунига етказган. Қурилма одамлар ва юкларни белгиланган нуқтага етказиш учун хизмат қилади. Уни яратишда максимал даражада оддий технологиялар, узатмалардан фойдаланилгани сабаб, у иқтисодий жиҳатдан анча рақобатбардош ҳисобланади.

Қурилманинг бурилишга мўлжалланган ҳар икки қанотига 4 та мустақил электродвигател ўрнатилган, бу эса хавфсизликни таъминлайди. Двигателлардан бири ишдан чиқса ҳам ҳалокатли вазият юзага келмайди. «Mobi-One» бир вақтда тўртта йўловчини ва 200 килограммгача юкни ташишга қодир. Ўртача тезлиги соатига 240 километрни, максимал тезлиги эса 400 километрни ташкил этади. Аккумулятор батареялари эса бир марта қувватланиш орқали 100 километр масофани босиб ўтиш имконини беради. 

Учар қурилма интеллектуал тизим билан жиҳозланган бўлиб, учувчига максимал даражада бошқарувда ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари қурилма тўқнашувларни олдини олиш ва авария ҳақида огоҳлантириш тизимига эга. «Mobi-One» қурилмасидан нафақат «учар такси» сифатида, балки тиббиёт муассасаларида беморларни ташишда ҳам фойдаланиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг