Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бу ерда сўзлашилмайди. «Пакана»ни энг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонага жўнатишди

Бу ерда сўзлашилмайди. «Пакана»ни энг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонага жўнатишди

Фото: «Occrp.org»

Мексикалик наркобарон, Ҳоакин Гусман (лақаби — Пакана) Колорадо штатидаги энг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонага жойлаштирилди. Бу ҳақда ТАСС АҚШ Қамоқхоналар федерал бюроси маълумоти асосида хабар берди.

Колорадо қамоқхонаси — «Флоренс»да ўта қаттиқ тартиб ҳукмрон. Террорчиликда айбланган жиноятчилар келадиган охирги манзил шу ер. Бостон марафонида 2013 йили қирғин уюштиргани учун ўлим жазоси ҳукми ўқилган Жоҳар Царнаев, почта орқали бомба тарқатган «Унабомбер» лақабли математик Тед Казински, Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказига теракт уюштиришда айбланган қувайтлик Рамзи Юсуф — Пакана энди улар билан қўшни.

Аммо мулоқот йўқ. «Флоренс» маҳкумлари ташқи дунё билан ва ўзаро мулоқотдан мосуво, камерасини фақат оёқ ва қўллари банди этилган ҳолда тарк этади.

Ҳоакин  Гусман Жиноят кодексининг 17 та моддаси бўйича айбли деб топилган, хусусан, «Наркотикларни сотиш ва олиб ўтиш», «Пулларни ўзлаштириш», «Қотиллик»да. Суд унга муддатидан аввал озод этиш ҳуқуқисиз бир умрга қамоқ жазоси ва қўшимча 30 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган. Камига, суд талабига кўра, у $12,6 млрд. жарима тўлаши шарт.

Маълумот учун: Ҳоакин Гусман Америка ҳукумати талаби билан Мексикадан 2017 йилнинг январь ойида АҚШга экстрадиция қилинган эди. Бунгача Гусман икки марта, охиргисида, 2015 йили Мексикадаги энг қаттиқ қўриқланадиган Альтиплано қамоқхонасидан қочиб кетганди. У шериклари 10 метр чуқурликда, 1,5 километр узунликда қазган лаҳм орқали озодликка чиққанди. Гусман 2016 йилнинг январида Лос-Мочис (Синалоа штати) шаҳрида тутилиб, яна Альтипланога қайтарилган ва қўриқлаш кучайтирилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг