Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Грузияда чеченлар ва махсус куч ходимлари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди

Грузияда чеченлар ва махсус куч ходимлари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди

Фото: «РИА Новости»

Грузиядаги Панкисс дарасида истиқомат қиладиган маҳаллий чечен миллатига мансуб фуқаролар ва махсус куч ходимлари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди. Натижада махсус кучлардан 15 ходим тан жароҳати олган.

Тўқнашувга Панкисс дарасида қурилиши бошланган ГЭС сабаб бўлган. Маҳаллий аҳоли қурилишга қарши бўлгани учун ҳукумат билан келишмовчилик юзага келди. Грузия ИИВ вазири Георгий Гахария вазиятга ойдинлик киритилишини айтиб ўтди.

«Ички ишлар ходимлари орасида 15 киши жароҳат олган ва трактор ҳамда бошқа техникалар ёнаётган вақтда ГЭС ҳақида гаплашмасдан, бошқа нарсалар ҳақида қайғуриш лозим», — дейди вазир.

Шу билан бирга у маҳаллий аҳоли вакилларига ҳам мурожаат қилиб ўтди: «Агар сиз ГЭС қурилишига қарши бўлсангиз, ҳаммамиз бирдаммиз-ку, битта мамлакатда яшаймиз, ахир ҳар доим қардошлар каби яшаганмиз. Нима учун формадаги одамларга тош отдингиз? Бундай қилиш мумкин эмас!» — дейди Георгий Гахария.

Вазир шу билан бирга ҳеч бир фуқаронинг, у хоҳ ИИВ либосида бўлсин, ёки намойишда қатнашган одам, ҳуқуқлари поймол бўлмаслигини билдирди. У ГЭС қурилишига қарши намойишга чиққанлардан «ниқобни ечиб қўйиб, музокарага киришиш»ни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Панкисс дарасида «Хадори-3» кичик ГЭС қурилиши режалаштирилган эди. Аммо чечен миллатига мансуб бўлган маҳаллий аҳоли бунга қарши чиқди. Ҳуқуқ-тартибот органлари намойишга қарши полиция ва махсус кучларни ташлади. Оқибатда тўқнашув келиб чиқди.

«Хадори-3» қурилиши 12 ой давом этиши керак эди. Унинг қуввати 5,4 мегаваттга баҳоланган. Маҳаллий фаоллар эса ГЭС дара табиатига зарар келтиришини таъкидлаб, қарши чиқаётганди.

Бир неча кун муқаддам Грузия ҳукумати вакиллари келиб, одамлар билан мулоқот қилган ва баҳсли масалани ҳал қилишга ваъда бергандилар. Аммо қурилиш ишлари барибир бошланиб кетди ва келишмовчилик келтириб чиқарди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг