Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Каъбатуллоҳнинг ичида нималар бор?

Каъбатуллоҳнинг ичида нималар бор?

Фото: «www.islam.ru»

Жорий йилги ҳаж мавсуми тугагач, оммага Каъбатуллоҳнинг ичи намойиш этилди.

Каъбанинг ичида нималар борлиги кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бир неча юз йил муқаддам бу саволга ҳожат бўлмаган. Чунки ўша пайтда хоҳлаган киши Каъбанинг ичига бемалол кириб чиқаверган.

Ҳозир замон ўзгарди, маконлар ўзгармоқда. Одамларнинг Каъба ичига киришини-ку қўя турайлик, издиҳомда қора тошга қўл теккизиш, уни тавоф қилиш – ҳожилар учун катта бахт.

Тинчликни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, ҳаж мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида ҳеч ким Каъбанинг ичига киритлмайди.

Kâbe'nin içi görüntülendi
Фото: «Haber7.com»

Каъба ичини тозалаш маросими – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суннат бўлиб қолган амал. Шу боис ушбу тадбирда фақат давлат арбоблари ёки юқори мартабали меҳмонларгина қатнаша олади.

Каъбатуллоҳ эшигини безашга ишлатилган тилланинг миқдори унинг «олтин эшик» деб номланишига ҳамда «Дунёдаги энг қимматбаҳо эшик» номини олишига сабаб бўлган.

1979 йили Каъбага янги эшиклар ўрнатилган. Ушбу эшикларни тайёрлаш учун 300 килограмм соф олтин қўлланилган. Эшикка устанинг имзоси қўйилган ва атрофига Қуръони каримнинг қуйидаги ояти каримаси ўйиб ёзилган:«Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир». (Оли Имрон сураси, 96-оят).

Каъба ичи ва деворларига мармар плиталар ётқизилган. Ушбу мармарлардан бири бошқаларидан ранги ва тузилиши билан ажралиб туради. Макка шаҳри мусулмонлар қўлига ўтгач, Пайғамбаримиз айнан ана шу ерда намоз ўқиганлар. Шунинг учун шу жойда қилинган ибодат савоби улуғ ҳисобланади.

Фото: «Haber7.com»

Деворларда бир хил оралиқда Аллоҳ уйини сақлаш учун қайғурган буюк шахсларнинг исмлари ва Каъбатуллоҳда қилинган ишларни ёритувчи матн ва безаклар илиб қўйилган.

Деворий лавҳлар ўн дона бўлиб, уларнинг сўнгиси 1996 йилги таъмирлаш ишлари ва унда бош-қош бўлган шахс ҳақида.

Каъба томи юмалоқ ишлов берилган ёғочли учта устунда туради. Уларнинг ҳар бири уч фаришта исми билан номланади. Аслида устунлар фақат декоратив шифтни ушлаб туради, ҳақиқий том ундан 120 сантиметр баландроқда. У «тик» ёғочдан пухта ишланган ва замонавий гидроизоляция билан қопланган.

Фото: «Haber7.com»

Устунлар орасида ёғочли арқон тортилган бўлиб, унда қадимий чироқлар ва дуолар солинган турли идишлар бор.

Каъба шифтига ипак мато қопланган.

Ичкарида яна бир эшик бор. Унинг ортидаги зина орқали томга чиқилади. Бу эшикка ҳам олтин ишлатилган.

Фото: «Haber7.com»

Каъбага кираверишда кўзга ташланадиган икки устун оралиғида ўртача катталикдаги стол бор. Унинг нима учун мўлжаллангани номаълум. Бундан ташқари, мазкур столнинг тортмаси (қути) ҳам бор, унга дуолар ёзилган ёзувлар қўйилади. Олдин бу тортмада каъбапўш ва чироқлар сақланган.

Фото: «Haber7.com»

Каъбанинг ичида исталган томонга қараб ибодат қилиш мумкин. Сабаби бу ерда тўртала томон ҳам қибла саналади. Халқ орасидаги «Тўрт томонинг қибла», дейиладиган жой мана шу ер. Ичкарида на хазина, на сирли билимлар олами, на бошқа оламга етакловчи йўл ёки ғайритабиий ҳеч нарса йўқ.

Толибжон Низомов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг