Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ким Чен Ин ва Путин учрашуви қачон ва қаерда ўтиши маълум бўлди

Ким Чен Ин ва Путин учрашуви қачон ва қаерда ўтиши маълум бўлди

Фото: «Reuters»

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун пайшанба, 25 апрелда Владивостокка ташриф буюриши ҳақида Шимолий Корея ОАВси ва Россия матбуоти хабар берди.

Бу ташриф Кимнинг иқтисодий ривожланиш режалари учун ташқи ёрдамни кучайтиришга қаратган ҳаракатларининг бир қисмидир. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, феврал ойида Ветнамда бўлиб ўтган иккинчи АҚШ – Шимолий Корея саммитидаги муваффақиятсизликдан кейин Шимолий Корея учун санкциялардан келадиган зарарни камайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Шимолий Корея Марказий Ахборот Агентлиги (ККНА) сешанба куни бу ташриф яқин орада амалга ошишини айтганди, бироқ вақт ёки жой ҳақида батафсил маълумот берилмади.

Россиянинг «Коммерсант» газетасининг хабар беришича, ташриф 25-апрел куни Владивостокда бўлиб ўтади. Маълумот икки ишончли манбадан олингани таъкидлаб ўтилди.

Кремлдаги маърузада бу ҳақида аниқ маълумот келтирилмаганди, лекин матбуот котиби Дмитрий Песков душанба куни мухбирларга Путин ва Ким апрел ойи охирида учрашиши режалаштирилганини айтди.

Жанубий Кореянинг «Ёнҳап» ахборот агентлиги хабар беришича, Ким Чен Иннинг бош ёрдамчиси Ким Чанг Сон шу масала бўйича Владивостокда бўлган.

Россия Шимолий Корея билан ядровий дастурни тўхтатиш ҳақида кўп йиллардан буён музокаралар олиб бормоқда. Бу бўйича Россия 2009-йилда бўлиб ўтган охирги музокараларда Шимолий Корея ва Жанубий Корея, АҚШ, Япония ҳамда Хитой билан иш олиб борган.

Жанубий Корея Ташқи Ишлар Вазирлиги ушбу учрашув Россия ва Шимолий Корея муносабатлари, ядросизлашув ва минтақавий ҳамкорлик борасида кечишини таъкидлаб ўтди.

Сеулда бўлиб ўтган брифингда «Россия Корея яриморолини тўлиқ ядросизлантириш ва доимий тинчлик ўрнатиш каби бизнинг нуқтаи-назаримизга қўшилади», — деди Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот котиби Ким Ин Чул.

«Умид қиламанки, саммит ижобий тараққиётга ҳисса қўшишга имконият яратади. Путин ва Ким учрашуви бир нарсани тасдиқлайди — расмий Москва Корея яриморолидаги асосий ўйинчилардан биридир. Ушбу учрашув Россия учун муҳимдир».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг