Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Математик ўз формуласи билан 14 марта лотереяда ютди

Математик ўз формуласи билан 14 марта лотереяда ютди

Фото: «Life»

Румин математиги ва иқтисодчиси Стефан Мандел ўзи ишлаб чиққан тизим бўйича 14 маротаба лотереяда ютуқ эгаси бўлди. Унинг формуласидан хабар топган айрим мамлакатлар давлат лотереяларини ўтказиш тартибини ўзгартиришга мажбур бўлишди, бироқ Стефан биронта қонунни бузгани йўқ, деб хабар бермоқда «Life».

«Омад формуласи»

Стефан Мандел коммунистик Руминияда туғилиб, вояга етган, турган гапки, бой бўлиш ҳақида орзу қилмаса ҳам бўларди. Бироқ у тақдирни алдади — бир эмас, ўн тўрт маротаба. Математик қобилиятини ишга солиб шундай тизим яратдики, олтитадан бешта рақамни тўғри топиб берарди.

Формула пишганидан сўнг тўрт йил ўтиб уни ишга солган ва эҳтимолий рақамларга эга барча лотерея чипталарини харид қилган Мандел жек-пот соҳиби бўлди. Бу пулларга амалдорларни сотиб олган Мандел амаллаб мамлакатдан чиқиб кетди ва Исроилга бориб ўрнашди.

Доғда қолган капиталистлар

Бу кўҳна замин унинг учун охирги манзил эмасди. Мандел кўп ўтмай кўч-кўронини ортмоқлаб барқарор иқтисодиётига эга, энг асосийси, фуқаролиги ҳамдўстликка кирувчи барча мамлакатларнинг давлат лотереяларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи Австралияга равона бўлди.

Британча лотерея тизимига ҳам формуласини татбиқ эта олган математик «катта иш»ни бошлади.

Стефан Мандел ўз формуласи асосида ютуқ чиқиши эҳтимоли энг катта лотерея чипталарини ёппасига сотиб олиш учун сармоядорларни жалб қилди. Шу тарзда у 12 маротаба лотерея ташкилотчиларини доғда қолдирди. Австралия ҳукумати ҳар сафар лотереяни ўтказиш тартибини ислоҳ қилар, бироқ Мандел айланма йўлларни топиб, жек-потни ўзиники қилиб кетарди.

Математик бўлсанг ўзингга, аммо...

Беш қўлни баравар оғизга тиқиш яхши эмас: Манделнинг иштаҳаси очилиб кетиб АҚШни кўзлаб қолди.

Унга сармоядорлари ҳам эргашишди. Улар Виржиния штати лотереясида қатнашиб, нақ 27 миллион доллар ютиб олишди (Бунга улар олган минглаб ютуқларни киритмаяпмиз, ахир улар сотиб олган жуда кўплаб чипталарга ҳам ютуқ чиққан). Математикнинг хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши аломатлари аниқланмаганидан сўнг, унга ютуқнинг охирги центигача тўлаб беришди.

Бошқа одам бўлганида тўхтармиди-йўқми — даргумон. Аммо Мандель ўзига, фоормуласига ҳаддан зиёд ишониб юборган кўринади.

Кейин у Исроил давлат лотереясида қатнашишни истаб қолди, сармоядорларни чақирди, аммо чучварани хом санаган экан: формула шу ерда панд берди, жек-пот тугул қарзга олинган пулларни ҳам қайтара олмади. Оқибатда фирибгарликда айбланиб 20 ой ўтириб чиқди.

Панжара ортидан чиққанидан сўнг математик олис орол-давлат Вануатуга кетиб, ўша ерда яшаяпти.

Дарвоқе, Стефан Манделнинг формуласидан фойдаланиш энди мумкин эмас. Математик фойдаланган усуллар ҳозир ноқонуний ҳисобланади. Шундай экан формуланинг янгисини (агар орамизда математиклар бўлса) ўйлаб топишга ёки пул ишлашнинг бошқа йўлларини (албатта, қонуний) қидиришга тўғри келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг