Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистонда нималар бўлмоқда? Собиқ президент Атамбаев қамоқдан қурол билан ҳимояланмоқчи

Қирғизистонда нималар бўлмоқда? Собиқ президент Атамбаев қамоқдан қурол билан ҳимояланмоқчи

Фото: «РИА Новости»

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев қамалиши мумкин бўлган тақдирда ўзини қурол билан ҳимоя қилмоқчи. Бу ҳақда у журналистлар билан бўлган брифинг чоғида айтиб ўтган. Брифинг Бишкек яқинидаги Кой-Таш қишлоғида жойлашган резиденциясида бўлиб ўтди.

Атамбаевнинг айтишича, унда мукофотга берилган қурол бор ва лозим бўлса отишмага киришишга тайёр. Бу билан у ўзини қамоққа олишга келадиганларни огоҳлантирди: «Улар ноқонуний буйруқни бажарадилар», — дейди собиқ президент.

Атамбаев шу билан бирга ўзининг ҳимояси учун тарафдорлари митинг қилган тақдирда, тадбирда чиқиш қилишга тайёр эканини ҳам билдирди. «Нима учун чиқмаслигим керак? Мен ҳар доим халқ билан бирга бўлганман», — дейди у журналистлар саволига жавобан.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламенти Атамбаевни собиқ президент сифатида даҳлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш қарорини қабул қилган эди. Бу ҳолат Атамбаевни жиноий жавобгарликка тортиш имконини беради.

Қирғизистоннинг собиқ президенти тўққизта жиноятда айбланмоқда. Улар орасида Россия фуқароларига, шу жумладан уюшган жиноятчилар тўдаси вакилларига мукофот қуроллари бериш, ер участкаларини ноқонуний эгаллаб олиш, жиноят оламида катта обрў-эътиборга эга бўлган Азиз Батукаевни озодликка чиқаришда кўмаклашиш, даромадларни яшириш, Бишкек ИЭМни модернизация қилишда коррупцияга йўл қўйиш ва ушбу объектга ноқонуний кўмир етказиб бериш айбловлари бор.

Агарда бу маълумотлар тасдиқланса Атамбаев бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Унинг ўзи бу айбловларни бемаънилик, деб ҳисоблайди ва халқи олдида виждони тоза эканини айтиб келмоқда. Эслатиб ўтамиз, Алмазбек Атамбаев 2011 йилдан 2017 йилга қадар Қирғизистонни бошқарган эди.

Эътиборли томони, айни вақтдаги президент Сооронбай Жээнбековни айнан Атамбаев тавсия қилган ва сайловда қўллаб-қувватлаган эди. Охирги бир ярим йилда Қирғизистонда икки собиқ бош вазир, Бишкекнинг икки собиқ мэри, бир қатор вазирлар, депутатлар ва бошқа юқори лавозимларда ишлаган шахслар қамоққа олинган. Улар Атамбаев ҳокимият тепасида бўлган вақтда у билан бирга ишлаган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг