Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россиялик депутат сабабли Грузияда норозилик намойишлари бўлди

Россиялик депутат сабабли Грузияда норозилик намойишлари бўлди

Фото: Irakli Gedenidze / Reuters

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойишчилар парламент спикери Ираклий Кобахидзе, ИИВ вазири Георгия Гахария ва яна бир қатор юқори лавозимли шахслар истеъфога чиқишини талаб қилмоқда.

Норозилик намойишларига сабаб Россия давлат думаси депутати Сергей Гаврилов Грузия парламентида чиқиш қилгани бўлган. Кеча, 20 июн санасида Тбилисида парламентлараро православ ассамблеяси йиғилиши ўтказилди. Ушбу ассамблея Греция ташаббуси билан 1993 йилда ташкил этилган ва унга православ эътиқодига амал қиладиган греклар, руслар ва грузинлар киритилган эди. Айни вақтда ассамблеяга айнан Сергей Гаврилов раҳбарлик қилади.

Гаврилов Грузия парламентидаги чиқиши давомида парламент спикери жойига ўтириб олган ва қатнашчиларга рус тилида мурожаат қилган. Айнан шу ҳолат Грузиядаги муҳолифат — «Ягона миллий ҳаракат» ва «Европача Грузия» партиялари аъзоларининг норозилигини келтириб чиқарди.

Муҳолифатчи партия вакиллари тезда парламент биносидан чиқиб кетган ва мажлис бекор қилинди. Парламент биносида эса радикалларнинг норозилиги бошланган. Гавриловнинг рус матбуотига маълум қилишича, радикаллар унга сув сепишган ва қўлидаги ҳужжатларни олиб қўйишга ҳаракат қилишган.

— Улар залга бостириб киришди ва трибуна ҳамда менинг жойимни эгаллаб олишди, — дейди Гаврилов. — Ўша вақтда мажлисда танаффус эълон қилинган эди, радикаллар мени қидира бошлашди, ҳужжатларни титишди, сув сепишди. Тушунишимча улар Саакашвилининг партиясидан, аммо аниқ билмайман.

Сергей Гаврилов ўз вақтида Абхазия ва Жанубий Осетиянинг Грузиядан мустақиллигини ёқлаб баёнотлар берган. Грузия муҳолифати томонидан берилган маълумотларга кўра ҳатто 1992-93 йилларда Абхазия томонида туриб Грузияга қарши жанг қилгани ҳам айтилади. Гавриловнинг ўзи эса буни инкор этмоқда.

Маҳаллий вақт билан соат 22:00да Тбилисидаги парламент биноси қаршисида намойишга йиғилган аҳоли бино ичкарисига бостириб киришга уринди. Намойишга таҳминан 10 минг атрофида одам йиғилган эди. Воқеа жойига тезликда махсус техника ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари етиб келди.

Гаврилов бошчилигидаги Россия делегацияси можародан сўнг дарҳол парламент биносини қўриқчилар ёрдамида тарк этди ва меҳмонхона биносига кириб яширинди. Бу ерга ҳам намойишчилар етиб келди ва Гавриловдан кечирим сўраб, мамлакатдан чиқиб кетишни талаб қилишди. Россия делегацияси яна кучайтирилган қўриқчилар ёрдамида микроавтобусларга ўтқазилган ва аэропортга олиб кетилган. Намойишчилар эса делегация вакилларига сув сепиб, шишаларни улоқтиришган. Шундан сўнг намойишчилар парламент биноси томон йўл олишган.

Маҳаллий вақт билан тунги соат 23:00да ҳам парламент биноси ичига бостириб киришга уриниш тўхтамади. Шундан сўнг полиция резина ўқлар, кўзни ёшлантирувчи газ ва тўқмоқларни ишга солди. Намойишчилар парламент олдидаги майдондан кетишди, аммо кейин яна қайтишди. Ҳар икки томондан жабрланганлар бор. Расмий маълумотларга қараганда намойишчилардан 14 киши яраланган, полициядан эса кўпроқ — 40 киши жабр кўрган.

Тунги соат 01:40да қатнашчилар яна бир бор полиция занжири орасидан ёриб ўтишга уринди ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига қарши куч ишлатди. Бунга жавоб тариқасида майдонга қўшимча кучлар ташланиб, сув сепиш техникаси ишга солинди. Бир қатор намойишчилар қўлга олинди.

Орадан икки соат ўтиб парламент биноси олдига бош вазир Мамука Бахтадзе етиб келди. У намойишчиларнинг норозилигини маъқуллади, аммо зўравонлик ишлатилишини қоралади. Бош вазирнинг фикрича, намойишчилардан муҳолифат партия вакиллари фойдаланиб қолишга уринмоқда.

Парламент спикери Ираклий Кобахидзе эса истеъфога чиқиши ҳақидаги саволга жавоб беришни истамади. Унинг таъкидлашича, баъзи сабабларга кўра бу борада жиддий жавоб бера олмайди.

Аксинча, Грузия ИИВ вазири Георгий Гахария истеъфога чиқишга тайёрлигини билдирди. Агар унинг кетиши вазиятни ўнгласа, вазирлик лавозимини тарк этишга тайёр.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг