Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Швейцария суди Россия гарданига 2,63 миллиард доллар товон пули юклади

Швейцария суди Россия гарданига 2,63 миллиард доллар товон пули юклади

Фото: ТАСС

Швейцария федерал суди Россиянинг апелляция аризасини рад этди ва мамлакат гарданига собиқ ЮКОС гуруҳининг Yukos Capital Sarl ширкатига 2,63 миллиард доллар тўлаш мажбуриятини юклади.

Ўтган йил июль ойида Халқаро арбитраж суди Yukos Capital Sarl ширкати фойдасига 5 миллиард доллар миқдорида товон пули тўланиши ҳақида қарор чиқарганди. Август ойида эса Россия томони ширкатни махфийлик тартибини бузишда айблаб апелляция аризаси билан мурожаат қилган. Пировардида Швейцария федерал суди Москванинг бу талабини инобатга олмади.

Аслида, Yukos Capital ва Россия ҳукумати ўртасида судлашув 2013 йилда бошланган. Ширкат расмий Москванинг қарори билан ЮКОС тугатилгани ва касодга учраганини даъво қилиб, 13 миллиард доллар товон пули сўраган.

ЮКОС ширкатига 1993 йилда таниқли тадбиркор Михаил Ходорковский асос солган. Ходорковскийнинг ўзи 2003 йил 25 октябрда маблағ ўзлаштириш ва солиқдан бўйин товлаш айби билан ҳибсга олинган. Қамоққа олинган пайтда Ходорковский дунёнинг энг бой одамларидан бири бўлган. Унинг бойлиги ўша вақтда 15 миллиард доллар деб баҳоланган. 10 йил қамоқда ўтирган  Ходорковский 2013 йил декабрь ойида Россия президенти Владимир Путин томонидан афв этилган. Хорижга чиқиб кетган тадбиркор кейинроқ Путиннинг ашаддий танқидчисига айланган.

Ходорковскийнинг ҳибсга олиниши ортидан ЮКОС нефть концерни фаолиятини тўхтатган. Ширкатнинг аксар активлари шубҳали кимошди савдолари орқали “Роснефть” концернига ўтган.

Швейцариядаги суд ЮКОСнинг тугатилишига оид тортишувларнинг бир қисми, холос. 2014 йил июль ойида Ҳаагадаги ҳакамлик суди палатаси Россия ЮКОСнинг собиқ акциядорлари бўлган Hulley Enterprises, Veteran Petroleum ва Yukos Universal ширкатларига 50 миллиард доллар товон пули тўлаши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган. Ҳакамлик суди Россия 2000-йиллар бошида  ЮКОС ширкати касодга учраши учун маъмурий чоралар кўрган деб топган. Ушбу ҳукм бир неча бор бекор бўлган ва қайта кучга кирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг