Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Трамп Эрон билан келишув шартини маълум қилди

Трамп Эрон билан келишув шартини маълум қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан келишув шартини маълум қилди. Унга кўра Эрон билан турли шаклларда келишув имзоланиши мумкин, аммо ҳар қандай вазиятда ҳам шартномага кўра Эронда ядро қуроли бўлмаслиги шарт.

— Мен учун шартнома қандай шаклда бўлишининг аҳамияти йўқ. Балки биз улар билан алоҳида келишармиз, балки ҳамма қўшилар. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бир натижа бўлиши шарт: уларда ядро қуроли бўлмаслиги керак, — дейди Трамп.

Унинг фикрига кўра эронликлар АҚШ билан келишувни жуда хоҳлашади.

— Улар айни вақтда тушиб қолган вазиятдан хурсанд, деб ўйламайман. Уларнинг иқтисоди буткул вайрон бўлган, — дейди бу борада Трамп.

Эслатиб ўтамиз, 21 июнда Трамп Эронга ҳарбий зарба беришни 10 дақиқа қолганда тўхтатиб қўйганини айтган эди. Аммо орадан бир кун ўтгач у гапидан қайтди ва шунчаки ҳужум вақти ортга сурилганини таъкидлади.

20 июнда Эрон ислом инқилоби корпусининг ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган разведка аппарати уриб туширилган эди.

Америка томони аввалига бу маълумотни инкор этди, аммо кейинчалик RQ-4A Global Hawk аппарати уриб туширилганини тан олди. RQ-4A Global Hawk — АҚШ армиясининг энг катта учувчисиз бошқариладиган аппаратларидан биридир.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 2018 йилнинг май ойидан буён кескинлигини сақлаб қолмоқда. Ўшанда АҚШ томони 2015 йилда имзоланган ядро келишувидан чиққан ва Эронга нисбатан санкцияларни қайта тиклаган эди.

АҚШ ва Эрон ўртасида дипломатик муносабатлар 1979 йилдан буён амалда мавжуд эмас. Ўшанда Эрондаги ислом инқилоби натижасида Теҳрондаги Америка элчихонаси биноси босиб олинган ва 52 нафар америкалик 444 кун гаровда сақлаб турилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг