Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркия: янги бино қуриш тақиқланган эски шаҳар (фото)

Туркия: янги бино қуриш тақиқланган эски шаҳар (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Ҳомернинг машҳур «Илиада» достонида Кичик Осиёдаги Пафлагония юрти таъриф-тавсиф этилади. Туркиянинг Карабук вилоятида жойлашган Сафранболу шаҳри олис ўтмишда ана шу музофот таркибида бўлган. Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташкил қилган пресс-тур доирасида «Xabar.uz» мухбири қадимий шаҳарга сафар қилди.

Сафранболу ҳақидаги илк маълумотлар милоддан аввалги асрларга оид солномаларда учрайди. Шарқу Ғарб чорраҳасида барпо этилган кент ўз даврида Лидия, Форс, Эллин, Рим, Византия давлатлари тасарруфида бўлган. 1196 йилда эса салжуқийлар томонидан фатҳ этилган. Римликлар шаҳарни Дадибра деб атаган бўлса, салжуқийлар унга Залифре деб ном берган. XIV асрга келиб, Сафранболу Усмонийлар давлатининг муҳим тижорат шаҳрига айланган.

Фото: «Xabar.uz»

Сафранболунинг эски шаҳар қисми 1994 йилда ЮНЕСКО бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ҳудудда олис ва яқин тарихга оид архитектура дурдоналари – қаср, масжид, мадраса, ҳаммом, уй, фавворалар асл ҳолатда сақланиб қолган. Жумладан, Меҳмет паша масжиди (1661), Жинжи карвонсаройи ва ҳаммоми (1645) усмонийлар меъморчилигининг бетакрор намуналари саналади.

Эски шаҳарнинг тошкўчаларини кезар экансиз, ўтмишга қайтгандек бўласиз. Қулоғингизга бир замонлар қатнаган туяларнинг ўкиргани, жанг сурони, тожирларнинг ўктам овози келгандек туюлади. Зеро, меъморий обидалар билан бирга тарихий муҳит ҳам сақланиб қолган. Темирчию қуролсоз, наққошу шишасоз кўҳна касб-кори билан машғул. Қандолатчилар қўли қўлига тегмай лукум ва ҳолва сотади. Муаззиннинг нажотга чорловчи даъвати юракларга айрича ҳаяжон солади. Тепалик ва қояларда барпо этилган икки-уч қаватли, «Онадўли уйлари» деган ном билан шуҳрат қозонган тураржойлар шаҳарга янада салобат бағишлайди. XVI-XVII асрларда қурилган уйлар  ЮНЕСКО муҳофазасига олинган. Тарихий бинолар яқинида замонавий иморат қуриш ҳам тақиқланади.

Фото: «Xabar.uz»

Турк халқи кундалик ҳаётини қаҳвасиз тасаввур этиш мушкул. Сафранболу қаҳва музейида ушбу ичимлик тарихига доир қизиқарли экспонатларни томоша қилиш мумкин. Улар орасида Усмонийлар давлатининг сўнгги қудратли султони Абдулҳамид II нинг финжони ҳам бор. Қайд этилишича, ҳукмдор бир кунда 15 финжонга қадар қаҳва ичган.

Бу шаҳар заъфарон майдонлари билан ҳам ном чиқарган (дарвоқе, Сафранболунинг луғавий маъноси заъфарон шаҳри демакдир). Маҳаллий аҳоли тарихий анъанага содиқ қолиб, ҳозирга қадар ушбу ўсимликни етиштиради. Маълумотларга қараганда, ўрта асрларда бир қадоқ заъфаронни зотли араб отига айирбошлаш мумкин бўлган. Бугун ҳам заъфарон гули Сафранболу ғазнасига катта даромад келтиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг