Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Юраксиз қолган Париж». Дарвозасини иблис қурган дейишарди

«Юраксиз қолган Париж». Дарвозасини иблис қурган дейишарди

Фото: «AFP»

Виктор Гюгодан қолган адабий мерос билан таниш ёшлар Нотр-Дам де-Парига ўзгача иштиёқ билан қарайди. Улар миноранинг винт шаклидаги 387 поғонали зинасини босиб ўтиб, Гюго таъриф берган қўнғироқхонани кўришга тайёр. Томдан туриб ўз маҳбубаси бўлган лўли қизни кузатган Квазимода яшаши мумкин бўлган ҳужрада беш дақиқа вақт ўтказиш учун ёнидаги бор пулини аямайдилар.

«Париждаги Биби Марям ибодатхонаси»ни ўқимаганлар эса, шунчаки черковнинг архитектураси, қўнғироғу ҳайкалтарошлик намуналари, муҳандислик ечимларини ҳайрат билан томоша қилади. 

15 апрель куни Париж шаҳри марказида жойлашган Нотр-Дам де-Пари католиклар черковида ёнғин чиқди. Черковдаги очиқ алангаланиш тўққиз соатдан ортиқ давом этди. Ёнғин оқибатида ибодатхона шпили ва томи қулади. Бино каркасини сақлаб қолишга муваффақ бўлинди. 

Нотр-Дам де-Пари Сите оролининг шарқий қисмида, Париждаги илк христианлар черкови — Авлиё Стефан ўрнида жойлашган бўлиб, қадимги римликлар худоси Юпитер черкови пойдевори асосига қурилган. Черковнинг готика услубида бунёд этилиши парижлик эпископ Морис де Сюллининг (1163—1345 йиллар) ташаббуси билан амалга оширилган. Шундан сўнг бир неча асрлар давомида турли архитекторлар томонидан черков кўринишига ўзгартириш киритилган. 

Черковга бутун дунё бўйлаб машҳурликни романтизмнинг асосий устунларидан бири — франциялик ёзувчи Виктор Гюгонинг «Париждаги Биби Марям ибодатхонаси» романи олиб келган. Айнан шу роман дунё юзини кўргач, иншоотда жойлашган ҳайкаллар алмаштирилган, ташқи кўриниши яхшилаб таъмирланган. Гюгонинг ўзи ушбу асари ҳақида «Менинг асосий мақсадим — миллатнинг архитектурамизга бўлган муҳаббатини уйғотиш» деган эди. 

Черков баландлиги 35 м, узунлиги 130 м, эни 48 метрга тенг. Жанубий минорадаги Эммануэл қўнғироғининг оғирлиги 13 тоннани, унинг тили эса — 500 килограммни ташкил этади. 

Мазкур тарихий объект Франция давлатининг хусусий мулки ҳисобланади, католик черкови эса 1905 йилда ундан абадий беминнат фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган. 

Бирорта ҳам деворга эга бўлмаган черков томини улкан устунлар ушлаб туради, уларни эса ўз навбатида аркалар бирлаштирган. Аркалар орасида эса турфа рангли шишалардан мозаика усулида ишланган витражлар тўлдирган. Ўн икки қаватли бинони жойлаштириш мумкин бўлган бинонинг марказида икки қатор устунлар жойлашган. Марказда устунлар кесишган жой Исо Масиҳ қоқилган ҳочнинг шаклига ўхшайди. Шунингдек, черковда масиҳийларнинг муқаддас ёдгорликларидан бири Исо Масиҳ бошига римликлар томонидан кийгизилган тиконли тож сақланарди. 

Ривоятларга кўра, черковнинг қурилишига иблис ҳам ўз ҳиссасини қўшган дейишади. Бискорне исмли темирчига мазкур черков учун дунёдаги энг чиройли жимжимадор дарвозани ясаш топширилади. Буюртмани бажара олишига кўзи етмаган темирчи иблисни ёрдамга чақиради. Эртасида дарвозанинг эскизини кўришга келган Нотр-Дам хизматчиси темирчининг жонсиз танасига дуч келади, қаршисида эса ақлбовар қилмас гўзалликка эга дарвоза турарди. Дарвозани ўрнатишади, бироқ уни очишнинг имкони бўлмайди. Дарвоза қулфига муқаддас сув сепилганидан сўнг очилади. 1724 йилда дарвозадаги нақшларни тадқиқ этган парижлик тарихчи Анри Совал шундай ёзган «Бискорни дарвоза сирини ўзи билан олиб кетди. Балки у сирнинг ўғирланишидан ёки қандай қилиб ясашга муваффақ бўлганидан қўрққан, ахир Нотр-Дам-де-Пари дарвозаси қандай ясалганини ҳеч ким билмайди». 

Хуллас, икки аср давомида қурилган, вабо, ўлат ва «Варфоломей туни»ни, тўртта инқилоб, Наполеон ҳамда иккита жаҳон урушини бошидан ўтказган черков ХХI асрда таъмирлаш ишлари вақтида кули кўкка учди. Кўза кунида синади дейишгани шу бўлса керакда.

Фозилбек Юсупов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг