Маҳалла: анъанадан замонавий бошқарувга
Ўзбек жамиятининг тарихий хотирасида маҳалла оддий ҳудудий чегара эмас, балки инсонлар тақдирини боғловчи маънавий ришта ва юксак қўшничилик маданиятини шакллантирувчи ҳаёт мактабидир. Кексаларнинг дуоси, ёшлар тарбияси, меҳр-шафқат, ҳашар ва ҳамжиҳатлик каби миллий қадриятлар айнан шу муҳитда камол топган.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси маҳалладаги ижтимоий муҳит, аҳоли фаровонлиги ва адолат ҳисси билан ўлчанади. Маҳалла қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият барқарорлиги ва инсон қадри шунчалик юксалади, тараққиёт эса халққа янада яқинлашади.
Аҳолининг кундалик эҳтиёжларидан тортиб, йирик ижтимоий дастурлар ижросигача бўлган масалаларнинг маҳалла даражасида ҳал этилаётгани ушбу институтнинг давлат бошқарувидаги ўрнини янада кучайтирди. «Халқ давлатдан рози бўлиши учун, аввало, маҳалладан рози бўлиши керак», деган тамойил ислоҳотларнинг муҳим мезонига айланди. Муаммоларни маҳалла ва хонадон кесимида ўрганиб, манзилли ечим топиш тизими шакллантирилди.
Шу мақсадда маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизими жорий этилди. Энди ҳар бир маҳалланинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолати, аҳоли бандлиги, даромад манбалари, томорқадан фойдаланиш имкониятлари, тадбиркорликка қизиқиши ва эҳтиёжлари мунтазам ўрганилмоқда.
Бу тизим ҳар бир хонадоннинг имкониятларини ҳисобга олиш, аҳолини ўз меҳнати ва ташаббуси орқали барқарор даромад топишга рағбатлантиришга қаратилди. Шу мақсадда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг янги механизмлари жорий этилди. Хусусан, ҳар бир маҳаллада иқтисодий масалалар билан шуғулланувчи ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Улар ишсизликни камайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, маҳалладаги мавжуд имкониятларни ишга солиш ва янги иш ўринлари яратиш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, ишсиз фуқаролар ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун манзилли қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди.
Масалан, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача, хотин-қизларга эса 10 миллион сўмгача субсидия ажратиш амалиёти жорий этилди. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг дастлабки уч ойлик ижара харажатлари эса давлат томонидан қоплаб берилди.
Умуман олганда, қисқа вақт ичида 48 минг 503 нафар фуқарога жами 196,7 миллиард сўм ажратилди. Уларнинг 39 минг 749 нафари хотин-қизлар, йўналтирилган маблағ эса 163,7 миллиард сўм. «Аёллар дафтари»га киритилган 23 минг 199 нафар хотин-қиз 110,7 миллиард сўмлик давлат қўллаб-қувватлашидан фойдаланди.
Бу тизимни янада такомиллаштириш мақсадида «маҳалла еттилиги» институти ташкил этилди. Унинг таркибига маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори ҳамда солиқ вакили кирди. Бу орқали маҳалладаги иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий масалалар ўзаро мувофиқлаштирилган ягона тизим асосида кўриб чиқилиб, аниқ натижага йўналтирил