Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Иномарка»лар: акциз солиғи ўрнига утилизация йиғими?

«Иномарка»лар: акциз солиғи ўрнига утилизация йиғими?

«Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида» Ҳукумат қарори (347-сон, 02.06.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан 2020 йил 1 августдан утилизация йиғими ставкалари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари турлари ва тоифаларининг рўйхати тасдиқланди.

Транспорт воситаларини «эркин муомалага чиқариш» (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини ишлаб чиқарадиган (йиғадиган, тайёрлайдиган) жисмоний ва юридик шахслар утилизация йиғими тўловчилари ҳисобланади.

Қуйидаги транспорт воситаларига утилизация йиғими тўланмайди:

  • дипломатик ваколатхоналарга ёки консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга, шунингдек уларнинг Ўзбекистон фуқаролиги бўлмаган, дипломатик мақомга эга бўлган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тегишли транспорт воситалари;
  • ишлаб чиқарилганидан 30 ва ундан ортиқ йил ўтган L ва M1 тоифали, шунингдек, ишлаб чиқарилганидан 50 ва ундан ортиқ йил ўтган, йўловчи ва юкларни тижорат мақсадида ташишга мўлжалланмаган, асл двигатели ва кузови билан асл ҳолатида сақланган ёки асл ҳолати тикланган М2, М3 ва N тоифали транспорт воситаларига;
  • Ўзбекистонга олиб кирилиб «вақтинчалик олиб кириш» божхона режимига расмийлаштирилган транспорт воситаларига.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2020 йил 1 августдан бошлаб 8701 (тракторлар), 8702 (10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари), 8703 (енгил автомобиллар) ва 8704 (юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари) ТИФ ТН кодлар бўйича транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилиниши маълум қилинганди.

Утилизация йиғимининг миқдорлари ва утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларининг турлари ва тоифалари рўйхатига қараганда, аввал айтилганидек, августдан «иномарка» ва бошқа транспорт турларининг нархи арзонлашмайдиган кўринади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг