Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Damas», сенга етишмоқ ҳавас!

«Damas», сенга етишмоқ ҳавас!

Фото: «GM Uzbekistan»

Кунда-кунора эрталаб ишни «Gmuzbekistan.uz» сайтининг «Харидорлар» бўлимидаги «Аризани кузатиш» бўлимидан бошлайман. Қурғур навбат 2-3 кун ёки 10-15 кунда бир камаяди. 4 ой бўлди – энди 98 тага камайибди...

Қиш кунларининг бирида амаким телефон қилди:

— Жиян, автосалондан «Damas» олмоқчи эдим, тезроқ чиқариб берадиган танишлар йўқми?

Табиийки, бу иш билан шуғулланмаганим учун жўяли жавоб беролмадим:

— Келаверинг-чи, бир гап бўлар!

Амакимнинг ўғиллари Россияда ишлайди. Ўзи эса қишлоқда тракторчилик қилади. Отам давримизда бир яйрасин деб ўғиллари амакимга машина олиб бермоқчи бўлишибди. Қишлоқда нима яхши, албатта қулинг ўргилсин «Damas»-да!

«GM Uzbekistan» АЖнинг расмий дилерлик корхоналарида барча қулай шароитлар яратилган. Кириб боришингиз билан ўзгача муҳит — сизни тавозе билан кутиб олишади. Зарур сервис хизматлари йўлга қўйилган. Навбатингизни онлайн кузатиш имконияти борлиги ҳар хил шубҳа-гумонлардан халос этади.

Автосалоннинг мижозларга хизмат кўрсатувчи қоши камон ходими бир зумда ҳужжатни расмийлаштириб, навбатни онлайн кузатиш имконини берадиган, автомобилларни етказиб бериш шартномасини тузиш учун ариза нусхасини тақдим этди. Интернетни яхши биламан-ку, дарҳол текшириб кўрдим: 965-ўрин.

Хизмат кўрсатувчи ходим бу машинага харидор кўплигини тайинлагани учун ажабланмадим. Бир ойда корхонадан 150-200 та «Damas» ишлаб чиқариладиган бўлса, бирор 6 ойда навбат етиб келса керак деб ўйладим!

Февраль ойи бошида шартнома имзолангани учун навбатлар бир кунда 5-6 тага камая бошлади. Кейин бирдан тўхтаб қолди. Бирор ҳафтадан сўнг компания раҳбариятига электрон хат ёздим. Унда республика бўйлаб ҳафта давомида 17 кишига «Damas» сотилгани, бу мижозда ўз-ўзидан хавотир пайдо қилиши, бундан ташқари, нарх-наво ошса пул қадрсизланишига ҳам олиб келишини таъкидладим. Қишлоқ шароитида «Damas» жуда рўзғорбоп машина. Амаким ишсизлиги боис машинадан мавсумий ишларда фойдаланишини баён қилдим. Икки кунда қўнғироқ бўлди, беш кунда жавоб хати ҳам келди. Уларнинг мижозга бўлган муносабатидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Унда шундай дейилади:

«...мурожаатингиздаги айрим кунларда навбат ўзгармаётгани бўйича, «GM Uzbekistan» АЖ томонидан ички бозорда сотиш учун автомобиллар ойма-ой тақсимот асосида расмий дилерларга ажратилади. «Damas» автомобили сотиб олиш учун навбатда турган мижозлар кўплиги туфайли бир ой учун ажратилган тақсимот бир неча кун мобайнида сотилади ва кейинги ой тақсимот бўлгунига қадар навбатларда силжиш кузатилмайди».

Хотиржам бўлдим. Бир ойда республика бўйича ўртача юзта «Damas» автомобили тақсимланса, демак, 9 ойда навбат ҳам келиб қолса керак. Ўшандан бери ҳар куни текшираман. Компания сайтида бир ойда қанча «Damas» машинаси ишлаб чиқарилиши ва тақсимланиши ҳақида бирорта хабар тополмадим. Мана, бугун ойнинг охири, текширсам амакимнинг навбати 867-ўринда экан. Эҳ-ҳе! 4 ойдан бери 98 тага камайибди. Шундай бўлгач, қандай хаёлга борасиз!

Сўнгги вақтларда интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали «GM Uzbekistan» АЖ атрофида содир бўлаётган нохуш вазиятлар юзасидан турли хабарлар тарқалди. Бу бежиз бўлмаса керак.

Мен эса амакимни хурсанд қилиш учун ҳар куни сайтни кузатишда давом этаман!

Фазлиддин Сатторов,
журналист

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг