Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Навоийдаги ўркач-ўркач йўллар туяни ҳам ҳайрон қолдирмоқда 

Навоийдаги ўркач-ўркач йўллар туяни ҳам ҳайрон қолдирмоқда 

Йўл азоби, гўр азоби. Айниқса, қиш ва баҳорнинг серёғин кунларида лой, ёзнинг жазирама иссиғида чанг-тўзон бўлган йўлда юрсангиз доно халқимиз ушбу мақолни роса топиб айтганига амин бўласиз. Худди шундай ҳолат узоқ қишлоқда эмас, тозалиги ва ободлиги билан республикамизда энг олд ўринда турадиган Навоий шаҳрида эканлигига нима дейсиз?

Шу пайтгача «Навоийазот» корхонасидан ўнгу сўлга юрсангиз ўркач-ўркач, чанг-тўзон йўллардан юришга мажбур бўлардингиз. Йўллардаги бу ўркачлардан туя ҳам ҳайрон қоларди. Ачинарлиси, йўлнинг бундай аҳволга келиб қолганига кўп йиллар бўлса ҳам, на вилоят, на шаҳар миқёсидаги раҳбару ҳокимлар йўлни таъмирлашни хаёлига келтирмаганди.

2020 йилнинг охирларида қайсидир бир каттакон шу ердан ўтиши белгиландими, ишқилиб, шу йўлни таъмирлаш ишлари бошланди. Аммо, йўл созланаётганидан суюнган одамларнинг қувончи узоққа чўзилмади. Йўлларни таъмирлаш учун келган булдозеру тракторлар бузуқ йўлни бадтар ҳолатга келтириб, иш ярмига ҳам бормай жуфтакни ростлашди. Ана томошаю мана томоша.

Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилиш деб шунга айтишса керакда. Ўнқир-чўнқир йўллар ўрнига чанг-тўзон ва лой уюмлари пайдо бўлгани қолди.

Ваҳоланки, шаҳарнинг ушбу манзилида «Навоийазот» ва бошқа кўплаб тадбиркорлик субъектлари, газ қуйиш шохобчалари, аҳоли хонадонлари жойлашган. Шунинг учун ҳар куни минглаб транспорт воситалари бу йўлда ҳаракатланади.

— Йўлнинг нотекислиги туфайли кўпчилик такси ҳайдовчилари бу ерга келишни истамайди, — дейди Сардор исмли такси ҳайдовчиси. — Шунинг учун йўлкира ҳақи қиммат. Йўлнинг нотекислиги туфайли автомашина тез ишдан чиқади. Ҳатто йўлда бетон плиталарнинг симлари чиқиб қолган. Буни билмаган ҳайдовчи бўлса машина балонини ишдан чиқаради. Бу ҳам етмагандек, бор-йўғри 2-3 километр йўл учун салкам ярим соат юришга тўғри келади.

Ҳа, мутасаддилар марказда жойлашган кўчаларни қайта-қайта асфальт қилиб, мақтангунча, шаҳар атрофини ободонлаштиришга, йўлларини равон бўлишига эътибор қаратишса яхши бўларди.

Шу ўринда яна бир гап. Вилоят ва шаҳардаги мансабдорлар муаммо ва камчиликни ёзган ёки ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахсни излагандан кўра, кўрсатилган муаммони бартараф этиш бўйича бош қотиришса яхши бўларди.

Куюнчак ҳайдовчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг