Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркор ЙҲҚ бузилишини аниқлагани учун қанча олади?

Тадбиркор ЙҲҚ бузилишини аниқлагани учун қанча олади?

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 21.04.2021 йилдаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 232-сон қарор қабул қилинди.

Ҳужжат Президентнинг 7.12.2020 йилдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4913-сон қарори ижроcини таъминлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни фаол жалб этиш мақсадида қабул қилинган.

Маълумот учун! Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 1.03.2021 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилган. 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Электрон онлайн-аукционларга қўйиш учун махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қийматини (бошланғич нархини) белгилаш тартиби.

Белгиланишича, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган махсус воситаларнинг техник эксплуатацияси ва узлуксиз ишлашини мустақил равишда таъминланади. Электр энергияси ва алоқа каналларининг харажатлари қопланади.

Махсус воситалар келгусида «Хавфсиз шаҳар» тизими билан мажбурий интеграцияси таъминланган ҳолда, тадбиркорлик субъектларига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус воситалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларидан ундирилган жарима суммасини тақсимлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

а) тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус воситалар ишга туширилган кундан бошлаб 1 йил давомида:

  • 50% – тадбиркорлик субъекти ҳисобварағига;
  • 15% – республика бюджетига;
  • 10% – ИИВнинг бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 15% – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда ЙҲҚ бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 5% – ДХХ ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» ДУКга;
  • 5% – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш марказига «Хавфсиз шаҳар» концепциясини тўлиқ жорий этиш учун мақсадли йўналтирилади;

б) тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус воситалар ишга туширилганидан 1 йил ўтгандан сўнг:

  • 25% – тадбиркорлик субъекти ҳисобварағига;
  • 20% – республика бюджетига;
  • 15% – ИИВнинг бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 25% – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда ЙҲҚ бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 5% – ДХХ ҳузуридаги «Киберхавфсизлик маркази» ДУКга;
  • 10% – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш марказига «Хавфсиз шаҳар» концепциясини тўлиқ жорий этиш учун мақсадли йўналтирилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.04.2021 йилдан кучга кирди.

Манба: norma.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг