Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда икки кунда 37 нафар маст ҳайдовчи ушланди

Тошкентда икки кунда 37 нафар маст ҳайдовчи ушланди

Фото: «Newsbomb»

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган 37 нафар ҳайдовчига ва текширувдан ўтишдан бўйин товлаган 22 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Бир хафта мобайнида, яъни 2018 йилнинг 09 апрелидан 15 апрелига қадар жами 18950 та қоидабузарликлар аниқланди. Булардан: 4574 та қўпол қоидабузарликлар, 112 та маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш, 80 та транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, 277 та светофорнинг қизил чироғига бўйсунмаслик, 1109 та белгиланган тезликни ошириш ҳолатлари қайд этилди.

Ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Ҳаракат хавфсизлигининг компьютерлаштирилган бошқарув тизими томонидан ҳафта мобайнида 3027 та йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланган бўлиб, шундан 1635 таси светофорнинг таъқиқловчи ишорасига бўйсунмаслик, 1392 таси белгиланган тезликни меъёридан ошириш ҳолатлари кузатилди.

Бунга қандай жазо қўлланилади?

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасига кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса — энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш — энг кам иш ҳақининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Мазкур Кодекснинг 136-моддасиига биноан, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши — транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, — энг кам иш ҳақининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг мопед, велосипед ҳайдовчиси, уловли аравани бошқариб борувчи шахс томонидан содир этилиши, энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ривожланган давлатларда қандай жазо бор?

  • Японияда ушбу ҳуқуқбузарлик учун 1 миллион япон иенаси миқдорида жарима, 5 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
  • Америка Қўшма Штатларида 300 доллар миқдорида жарима ва 3 ой муддатга бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси, такрорий ҳуқуқбузарлик учун 5000 доллар миқдоригача жарима ва 2 суткадан 6 ойгача муддатга қамоқ жазоси белгиланган.
  • Италияда эса 500 дан 2000 еврогача жарима ва 3 ойдан 6 ойгача бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг