Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янгийўлда 37 марта қоида бузган Spark ушланди

Янгийўлда 37 марта қоида бузган Spark ушланди

Тошкент вилоятида ўтказилаётган «ойлик»нинг 15 куни давомида 589 та транспорт воситаси белгиланган жарималарни муддатида тўламаганлиги учун, қарздорлик ундирилгунга қадар жарима майдонига жойлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Янгийўл туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан Spark автомобили ЙҲҚ бузганлиги учун тўхтатиб, электрон маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, автоуловнинг махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали жорий йил давомида 37 маротаба қоидабузарлик содир этиб, белгиланган жарималарни ўз вақтида тўламай келганлиги аниқланди. Автоулов қарздорлик ундирилгунга қадар жарима майдонига вақтинчалик жойлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг 291-моддасига кўра, «Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, транспорт воситаси жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган ваколатли орган раҳбарининг ёзма кўрсатмасига биноан жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг ижроси юзасидан иш юритиш тугагунига қадар ушлаб турилади».

Ҳозирда вилоят ҳудудида шу каби тадбирлар амалга оширилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг