Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қирғизистонда қирғизлар ва турклар ўртасида жанжал чиқди. Тўлиқ шарҳ

Қирғизистонда қирғизлар ва турклар ўртасида жанжал чиқди. Тўлиқ шарҳ

Фото: «Elgezit.kg»

Қирғизистоннинг Чуй вилояти, Сокулув туманидаги Орок қишлоғида қирғизлар ва турклар ўртасида жанжал келиб чиқди. Натижада уйларга ва машиналарга зарар етказилган. Бу ҳақда Қирғизистондаги бир қатор нашрлар, жумладан «Kaktus.media» хабар тарқатди.

Жанжал 5 июн куни Ҳайит намозидан сўнг келиб чиққан. Хабар қилинишича, аввалига қирғиз ва турк миллатига мансуб ўсмирлар ўртасида муштлашув келиб чиққан. Жабрланганлардан бирининг онаси Чолпон Аширбаеванинг айтишича, унинг ўғли ва қариндошига бошқа миллат вакиллари тўқмоқлар билан ҳужум қилган. Натижада ҳар иккиси касалхонага тушган, уларнинг ҳолати барқарор экани айтилмоқда.


Ушбу можаро бўйича ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан «безорилик» моддаси бўйича иш очилган. Сокулук туман ИИБга Орок қишлоғида муштлашув бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушгани заҳоти махсус бўлинма юборилган. Унга кўра уч ўсмир муштлашгани айтилди. Аввалига даханаки жанг бўлган, кейин эса муштлашув бошланган. Натижада 2003 йилда туғилган икки ўсмир тан жароҳати олган.

Маълум қилинишича, жабрланганлардан бири А. Т. 2019 йилнинг 4 июнида Бишкекдан Орокдаги қариндошлариникига меҳмонга келган. Эртаси куни жанжал келиб чиққан ва у тан жароҳатлари олган.


Шундан сўнг жабрланганларнинг қариндошлари Орок қишлоғи ҳудудига йиғилган ва ўз норозиликларини билдирган. Баъзи манбаларда айтилишича, қишлоқдаги туркларнинг уйларига ҳужум уюштирилиб, 12 та уйнинг ойналари синдирилган. Шунингдек ҳовлилардан биридаги сомон уюми ёқиб юборилган. Автомобил ва трактор ойналари синдирилган.

Жанжалдан сўнг қишлоқда ҳар икки миллат вакиллари гуруҳ бўлиб йиғилган. Улар ўртасидаги жанжал чуқурлашиб кетмаслиги учун милиция бўлинмалари зарур чора-тадбирларни кўрган. Маълумотларга кўра, жабрланганларнинг қариндошлари жанжалда иштирок этганларнинг оиласи қишлоқдан кўчиб кетишини талаб қилган.


Тушдан сўнг вазият анча кескинлашди. Соат 16.00 атрофида Орок қишлоғи марказида маҳаллий аҳоли вакиллари кўпчилик бўлиб йиғилди. Воқеа жойига етиб келган журналистлар 100дан ортиқ кишиларни кўрган. Уларни ҳуқуқ-тартибот ходимлари назорат қилиб турган. Воқеа жойида Қирғизистон ИИВ вазири Қашқар Жунушалиевнинг шахсан ўзи бўлгани айтилмоқда.

Ҳар икки миллат вакиллари ўртасида жанжал келтириб чиқаришга уринаётган 25-30 киши ИИВнинг махсус бўлинмаси томонидан қўлга олиниб, автобусларда олиб кетилган.
Шу билан бирга, Бишкек томон кетадиган йўл ёпилган. Қишлоқ томон мунтазам равишда ИИВ махсус бўлинмаларининг автобуслари ўтиб турган.


Гарчи муштлашув қирғиз ва турк миллати вакиллари ўртасида келиб чиққан ва ҳамон давом этиши хавфи бўлса-да, ИИВ раҳбарияти низога миллатлараро тус бермасликни сўраб ўтди. Расмий маълумотларда миллатга урғу бермаган ҳолда Орок қишлоғида ёшлар ўртасида жанжал келиб чиққани айтилмоқда.

Калтакланган ўсмирлар борасида Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам маълумот берди. Улардан бири терапия, иккинчиси эса нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Ҳар иккиси ҳам шифокорлар назорати остида. Беморларнинг ҳолати барқарор экани айтилмоқда.

Кеча тунга бориб Орок қишлоғи ҳудуди тўлиқ ёпилди. Қишлоққа маҳаллий аҳоли вакилларидан бошқа ҳеч ким қўйилмади. Кўчаларда эса туни билан милиция бўлинмалари мунтазам равишда навбатчилик олиб борди. Қишлоқдаги йўл орқали Бишкек томон ўтмоқчи бўлганлар эса айланма йўл орқали йўналтирилди.


Жанжал Чуй вилоятидаги Орок қишлоғига ёндош ҳудудлардаги маҳаллий аҳоли вакилларини ҳам беэътибор қолдирмади. Жумладан, Жани-Жер қишлоғида бир гуруҳ одамлар йиғилган ва Орокдаги миллатдошларига ёрдамга боришга шайланган. ИИВ раҳбарияти дарҳол вазиятни назоратга олди. Жани-Жер қишлоғига ИИВ вазирининг ўринбосарларидан бири етиб келган. Махсус бўлинмалар қишлоқдаги вазиятни назорат қилиб турибди ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу қишлоқда жанжалнинг олдини олишга муваффақ бўлинган. Айни вақтда Жани-Жерда вазият барқарор.

Аммо Орок ва Жал қишлоқлари ўртасида 100-150 нафар одамлар тўплангани айтилмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, улар Орокка йўл олишни кўзлаган.

Жанжал келиб чиққандан сўнг вазиятни ўнглаш учун ҳар икки миллат оқсоқоллари йиғилиб, қишлоқдаги масжидда ўзаро музокара олиб бормоқда. Оқсоқоллар жанжални бостириш ва келгусида қайта келиб чиқмаслигини таъминлашга ҳаракат қиляпти.


Мавжуд вазият Бишкекка кўчмаслиги учун шаҳар раҳбарияти иш олиб бормоқда. Бишкек мэри Азиз Суракматовнинг хабар қилишича, айни вақтда шаҳарда вазият тинч. Ҳар бир туман ИИБ раҳбарлари ўз ҳудудини тўлиқ назорат қилмоқда. Ҳар қандай провокация, миллатлараро низо келтириб чиқаришга бўлган уринишнинг олди дарҳол олиниши учун керакли чора-тадбирлар кўрилган.

Туркиянинг Қирғизистондаги элчиси Женгиз Комил Фират вазиятдан хабар топгани ҳамоно жанжал келиб чиққан Орок қишлоғига етиб келган. Айтилишича, элчихона ходимларидан бири унга телефон орқали маълумот етказган. Туркия элчихонасининг ҳомиладор ходими жанжал келиб чиққан вақтда Орок қишлоғидаги хонадонлардан бирида меҳмон бўлган. У элчига йиғлаб қўнғироқ қилган ва ўзлари турган уйга ҳужум бўлаётгани, деразалар синдирилганини айтиб ўтган.


Элчи Женгиз Комил Фират Орок қишлоғига етиб келгани ҳамоно уни маҳаллий аҳоли вакиллари ўраб олган ва нималар бўлаётганини хабар қилган. Женгиз Фират йиғилганларга мурожаат қилиб, жанжал миллатлараро низога айланиб кетмаслигини таъминлаш лозимлигини айтган.

Эътиборли томони, жанжал келтириб чиқарганларнинг бири маҳаллий кенгаш депутати экани айтилмоқда. Сокулук тумани ИИБ раҳбари томонидан маълум қилинишича, депутат Қилич Боркоев айни вақтда милиция бўлимида сақланмоқда. У жанжал ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.

Таҳминан соат 4.30 да милиция барча қўлга олинганларни қўйиб юборган.

Айни вақтда, маҳаллий вақт билан соат 12.00да Орок қишлоғида вазият тинч. Аммо маҳаллий аҳоли вакиллари ҳар нарсага шай бўлиб турибди. Ҳамма йиғилганлар оқсоқоллар кенгаши қандай қарорга келишини кутмоқда. Вазият Қирғизистон ИИВ томонидан тўлиқ назорат қилиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг