Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Ҳаммаси идеал бўлса...

Ҳаммаси идеал бўлса...

Ана шунақа, кайфиятинг чоғ бўлса, илҳом парилари безовта қилаверади!..

Фото: «kp.ua»

Эшик оҳиста тақиллаганида уйимда улфатларим бор эди. Дастурхонда барча егуликлар муҳайё: бўрсилдоқ нон, қази-қарта, тандир гўшт, манти, буғи чиқиб турган сомса, тотли қаймоқ, чақ-чуқ, айниқса ичимликларнинг оқи ва қизили... Лекин биз, ошналар дастурхонга қарамас, ҳар биримиз китоб мутолааси билан машғул эдик.

Мен ўрнимдан турдим. Даҳлизга ўтиб, эшикни очдим. Ташқарида бежирим коржомадаги йигитча турарди. Юзидан нақ нур ёғиларди унинг! Эгнидаги либоси шу қадар жило берардики, кўзларим қамашиб кетди.

– Ассалому алайкум, – деди йигитча қўлини кўксига қўйиб. – Акахон, минг бор узр, сизни безовта қилиб қўйдим. Бундан жудаям хижолатдаман.

– Йўғ-ей, бемалол, – дедим мен астойдил. – Келинг, укам, ичкарига киринг.

– Узр, коммунал тўлови масаласида келгандим, – йигитча шундай деб гувоҳномасини менга узатди. – Мана, марҳамат, «А»дан «Я»гача кўриб чиқинг!

Мен ҳужжатга кўз югуртирдим:

– Шунча йил яшаб, ҳали бундай мўъжизани кўрмаган эдим! Роса чиройли экан. Ҳамкасбларингиз ҳеч қачон гувоҳнома кўрсатмаган.

– Уларни кечиринг, жон ака! – деди йигитча қўлини яна кўксига қўйиб. – Агар хоҳласангиз, ҳаммасини ҳузурингизга олиб келаман, жўр бўлиб кечирим сўрашади.

– Шарт эмас... Идорангизда чуқур ислоҳотлар бўляптими, дейман? Мана, махсус форма кийиб олибсиз! Бундан тўрт-беш йил олдин фақат телевизорда кўрардим. Такомиллашибди. Ўзга сайёраликларнинг либосига ўхшар экан. Коммунал-скафандр, гап йўқ!

– Ўзимизга ҳам ёқади, ака. Кечаси ечмай ухлаяпман... Хуллас, акахон, сиз билан боғлиқ уч миллион еттиз юз минг сўм қарз...

Мен ичкарига ошиқдим:

– Мана, ҳозир-да!

– Шошманг, акахон, сиз эмас, биз тўлашимиз керак. Нотўғри ҳисоб-китоб бўлган экан. Ортиқча қабул қилганмиз! Марҳамат, пулни олиб қўйсангиз!

– Қўйсангиз-чи! Тураверсин. Кейинги ойлар учун қайд этиб қўйинг!

– Аммо сиз бешикдаги невараларингизнинг келажаги учун ҳам тўлаб бўлгансиз. Тўғри, ҳозир ҳамма шундай қиляпти. Аммо бизни ҳам тўғри тушунинг, азбаройи пул кўплигидан ишхонамизда қадам босишга жой йўқ, банклар қабул қилмаяпти. Эшитган бўлсангиз, ортиқча нақд пул туфайли иккита банк пақ этиб ёрилиб кетди.

Хуллас, йигитни кўндира олмадим. У пулларни қўлимга тутқазди-да, имзо чекишимни ҳам кутмай қочиб қолди. Мен уларни қаерга қўйишни билмай, улфатларим олдига қайтдим...

Кечки пайт сайрга отланганимда кўча чеккасидаги ўриндиқда давра солиб ўтирган қўшни хотинларга кўзим тушди. Улар, одатдагидек, Навоий ва Фузулий, Пушкин ва Байрон ижоди ҳақида қизғин баҳслашишарди. Шундоқ ёнимдан мактабнинг физика фани ўқитувчиси Нормуродов улкан «Prado»сида ўтиб кетди. Мени кўрмаганга олди. Ўтган сафар машинасини тўхтатган ва тушиб саломлашганида тўрт-беш эркак уни бошимизда кўтарволиб, мактабга элтиб қўйган эдик.

Кўча бўйлаб сайр қилар эканман, озода-покизаликдан кўнглим яйради. Одамларнинг бир-бирига ширин муомаласи, мулойим гапиришлари, табассум ила қарашларидан эриб кетай дедим! Эҳ, бундай одамлар яна қайда бор?..

Қўл телефоним жиринглаб қолди.

– Алло, ассалому алайкум, ака! Вазирликдан қўнғироқ қиляпман!

– Э-ҳа, танидим, укажон! Яхшимисиз?

– Алҳамдулиллаҳ, шукр. Ўзингиз соғ-саломатмисиз? Бугун иккинчи асарингизнинг премьерасини ўтказдик. Роса ан-шлаг-баум бўлди ўзиям!

– Ие, мен ҳали ёзиб улгурмаган асаримнинг премьераси ўтказилдими? Қойил! Биринчиси ҳам шунақа бўлувди!

– Ана шунақа! Биз ёзилмаган пьесалар премьерасини ҳам ўтказаверамиз. Энди биттагина илтимосимиз бор, фақат йўқ демайсиз! Гонорар ўтказмоқчи эдик, уринишимиз бесамар кетяпти! Илтимос, пластик карточкангизни бўшатиб қўйсангиз.

Мен бу маъмурга илтимос қилиб, қалам ҳақини кейинги асаримга қўшиб беришига зўрға кўндирдим.

Уйга қайтдим. Хотиним ва болаларим телевизордан кўз узмай мумтоз наволарни тинглаб ўтиришарди.

Ижодхонамга ўтдим. Иш столимга ўтирдим. Ёзгим келарди!

Ана шунақа, кайфиятинг чоғ бўлса, илҳом парилари безовта қилаверади!..

(Қани эди ҳар куни биринчи апрель бўлса!)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг