Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қалампир» журналистнинг саргузаштлари

«Қалампир» журналистнинг саргузаштлари

Фото: «Imagui»

Журналист бўлиш осон эмас. Лекин бир машғулотга ҳаддан ортиқ берилиб кетиш ҳам ярамас экан. Шодивой укамиз олдимга маслаҳат сўраб келганда оқибати шунақа бўлишини билсам, балки бошқача йўл тутган бўлардим. Бу Шодивой деганлари қилтириққина, йигирма иккига тўлиб-тўлмаган, қўлтиғига сабзитахтадек папка қистириб юрадиган йигит. Гапирганда андак дудуқланади, беихтиёр кишининг раҳми келади. Хуллас, отаси билан озроқ ошналигимиз туфайли йигитча билганини ўргатар деб мени қора тортиб келибди. Шўрлик тирик журналистларни энди кўраётгандек дағ-дағ қалтирайди, пешонасидан нуқул совуқ тер қуйилади. Шу йил ўқишга кирибди, пойинтар-сойинтар сўзларидан билдимки, матбуот ва ижодни жудаям яхши кўраркан.

— Хуллас, гап бундай, Шодивой, — дедим талабага насиҳат қилаётган профессор каби, — журналистика олди-қочди хабарлару мақта-мақта ёхуд мушакбозлик эмас. Ҳақиқий мавзуни, камчиликни топ, кўтар, ҳал қил, таҳлил қил — мана журналистика! Агар охиригача боришга кўзинг етмаса, яхшиси, бу йилдан чекинишга тўғри келади.

Шодивой шаштимни кўриб жим қолди, мен эса сўзларимни ҳамма такрорлайвериб ёд бўлиб кетган жумла билан тугатдим:

— Журналистиканинг нони қаттиқ, болам, нони қаттиқ...

Шодивой кетди. Юз-кўзидан қаттиқ таъсирлангани сезилиб турарди. Мийиғимда кулиб қўйдим.

Орадан бир ҳафтача вақт ўтди. Бир куни тушликдан сўнг зерикиб ўтирсам, эшик очилиб Шодивой пайдо бўлди. Қўлида бир даста қоғоз.

— Танқидий мақола, — деди у ютиниб.

«Талабалар шаҳарчасида жойлашган “Н” кафесида тозалик масаласига эътибор камроқ. Нуқул мантининг ичидан соч толаси, сомсадан чўп, қипиқ чиқиб келаверади. Кафе хизматчилари қўпол, фаррошлари эса ялқов. Умуман олганда...».

Оббо шоввоз-эй, нимани кўриб, эшитган бўлса қоғозга тушириб келаверибди. Кириш қисми, кулминация, яъни кўча тили билан айтганда «удар жойи» йўқ. Лекин ранжитмаслик учун «яхши» дегандек бош ирғаб:

— Тузук, аммо ҳали буни мақола қилиш учун анча меҳнат керак, сен ариза ёки оддий баён ёзмаяпсан, бу ижодий, журналистик материал, бойитиш керак, — дедим.

Шодивой кетди-ю, уч кундан сўнг келди. Бу сафар йигитча ишга астойдил ёндашибди. Қарасам, анча жиддий тортган, пешонаси терлаб турган бўлса-да, оёқлари аввалгидек қалтирамаяпти. Мақолани аччиқ гаплар билан тугатиб, тагига Қалампир деб имзо ҳам қўйибди.

— Оббо, Қалампирбек, дуруст, аммо яна ўрганиш, кузатиш керак, эҳтиросли, ҳароратли эмас, дангал хулосалар керак. Бу мақолани таҳрир қиламиз.

Шу-шу, Қалампирбек жўшиб кетди. Талабаларга стипендия вақтида тарқатилмаслиги, талабалар тураржойидаги энсани қотирадиган одатлар, қўйингки, бир профессорнинг фақат ўзини мақтайвериши ҳам қоғозга тушди.  Шодивой уйига бориб келиб, талай «қалампирбоп» мавзулар топиб келди. Масалан, қишлоқда кўп йўллар таъмирга муҳтож эмиш, яйловларни йил яримламасдан қўй-қўзилар соб қилишибди, қўшниси ҳар куни ичиб олиб кўчани бошига кўтарар эмиш ...ва ҳоказо.

Мақола бир саҳифа бўлиб босилиб чиқди, шундан сўнг Қалампирбекнинг ҳам овози йўғонлашди, қадди тикланди. Мақолаларини ўқирканман, дунёни зулмат босиб кетгандек эди. Ким қоғозга тушса, Шодивой уни аччиқ тили билан чақиб оларди. Ниҳоят, бетакаллуф ва қўрс ётоқхона қоровули ҳақидаги нордонгина ҳажвияни ўқирканман, насиҳат қилган бўлдим:

— Шодивой, танқидни жаа қийиб юборибсиз-ку. Ҳозирча етар. Энди ёшларбоп, сокин намуналардан ҳам ёзинг.

Шодивойга танбеҳим ёқмади чоғи, ўн кунча таҳририятда қораси кўринмади.  Ниҳоят, унинг номидан почтамизга хат келди: яхши қорилмаган хамирдек ўхшамаган мақола. Таҳрир қилай десам, бутун материални қайтадан ёзиб чиқишга тўғри келаркан.

Шундан кейин Шодивой умуман таҳририятда кўринмай қолди. «Қитмир» ҳажвиялар ҳам изсиз йўқолди. Балки мана шу жумлаларни ўқигач, Қалампирбек яна ўзига келиб қолар?!

Жонкуяр муҳаррир сўзларини

Улуғбек ОРИПОВ оққа кўчирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг