Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2017 йилнинг энг аҳмоқона жиноятлари

2017 йилнинг энг аҳмоқона жиноятлари

Фото: «Банкни ўмариш» филмидан скриншот

Жиноят қандай мақсадларда ва қандай ҳолатда содир этилишидан қатъи назар, барибир жиноят ҳисобланади. «Қонунни билмаслик жазодан озод этмайди», деган нақл бекорга айтилмаган. Ўтаётган 2017 йил Россияда бир нечта жиноятлар содир этилдики, буларни эшитиб, юзингизга табассум югуриши турган гап. «Lenta.ru» сайти ана шундай «аҳмоқона» қонунбузарликлар рўйхатини ўз саҳифасида эълон қилди. Биз қуйида ушбу мақоланинг мазмунини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Январ. Шўрва зираворлари ҳамда севгилиси учун ўғирланган ҳайкалча

Йилнинг биринчи ойи Томск шаҳридаги «драматик» ўғрилик билан ёдда қолди. Дўкондан бир шиша ароқ сотиб олган харидор унга қўшимча равишда шўрвага ишлатиладиган зиравор кубикчасини ўғирлаб олган. Дўкон ходимлари томонидан ушлаб қолинган ўғри милицияга топширилган ва унга нисбатан «майда ўғрилик» юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Шу ойнинг ўзида, 32 ёшли Москва фуқароси ўз севгилисининг кўнглини овлаш мақсадида унга кутилмаган совға қилмоқчи бўлади. «Соколники» боғидаги тунги сайр пайтида ошиқнинг кўзи нархи тахминан 3 миллион рубл турадиган тилла суви юритилган ҳайкалчага тушади ва уни севгилисига ҳадя қилмоқчи бўлади. Аммо, ошиқнинг маъшуқа кўнглини олишга бўлган уриниши беҳуда кетади. Уни полициячилар ушлаб олишади ва жиноий иш очишади.

Март. Қамоқхона билагузуги ўғриси

Омск вилоятининг Исилкул шаҳри ҳуқуқ тартибот органлари масофадан туриб кузатиш қурилмасининг ўғирланишига оид жиноят ишини очишди. Гап шундаки, ушбу қурилма ёрдамида шаҳарнинг 36 ёшли фуқароси кузатувда бўлган. Унга нисбатан молиявий жиноятларга алоқадорлик учун озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. У 27 феврал куни қурилмани электр тизимидан узиб, сумкага солиб, ўзи билан бирга сайрга олиб кетади.

Шу куннинг ўзида шаҳар автобекатида 43 ёшли, бир неча бор судланган янги таниши билан бирга спиртли ичимлик истеъмол қилади. Шеригининг маст бўлишини кутган таниши сумкадаги нарсани қимматбаҳо буюм деб ўйлаб олиб қочади. Жабрланувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат этади. Шундан кейин жиноятчи қўлга олинади ва унга нисбатан жиноий иш қўзғатилади. Ўз навбатида қурилма «эгасига» нисбатан ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Май. Йўқолган резина тимсоҳлар ва айёр Винни Пух

Май ойида Москва шаҳридаги ОТМларидан бирининг кафедра мудири 40 ёшли аёл йўқолган резина тимсоҳлар ҳақида ариза билан полицияга мурожаат қилади. Унинг айтишига қараганда, Сиреново хиёбонидаги 41-уйнинг подъездидан номаълум шахс унга тегишли бўлган ичида ўйинчоқ тимсоҳлар солинган пакетни олиб қочади. Тимсоҳларнинг умумий қиймати 7000 рублни ташкил қилган. Ушбу ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Май ойида Москвада яна бир кулгили жиноят юз берди. Гап шундаки, Уляновскийдан бўлган аёл Москвадаги саёҳати пайтида Рус Проваслав черкови қаршисида эртак қаҳрамонлари ниқобидаги актёрлар билан суратга тушади ва Винни Пух ниқобини кийган актёрга сурат учун 5000 рубллик купюрани узатади, қайтим беришини айтган Винни Пух воқеа жойидан ғойиб бўлади. Шундан кейин аёл полицияга ариза беради. Ҳолат юзасидан тергов бошланади.

Июн. Деразадан ошиб тушган ўғри

Бу сафарги қурбон Москва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бўлишди. Босқинчи, металл панжарани бузиб, деразадан бино ичига киради ва идора ходимасининг 2000 рубл пулини олиб воқеа жойидан яширинишга уринади. Ушбу ҳолат юзасидан жоний иш қўзғатилади.

Июл. Қийматсиз миллиардлар

Абхазиядан келган 51 ёшли ишсиз шахс Москва жанубидаги пенсионер аёлнинг уйига дераза орқали ўғриликка тушади ва пуллар ҳамда заргарлик буюмларини ўғирлаб кетади. Ўғрилик миқдори жуда катта: 50 миллион доллар! Ҳа, 50 миллион доллар, аммо ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган Зимбабве долларлари. Бундан ташқари, жиноятчи қиймати 35 минг рублга тўғри келадиган бир неча минг Озарбайжон манати ва 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ҳам ўғирлаган.

Жиноятчи воқеа жойидан унча узоқ бўлмаган ерда қўлга олинган. Етказилган умумий зарар, 180 минг рублни ташкил қилган. Афтидан, жиноятчи Зимбабве долларлари аллақачон муомаладан чиқарилгани ва бу купюралар туристларга сотилишидан бехабар бўлган кўринади. 1981-2009 йиллар давомида муомалада бўлган Зимбабве долларлари 2008 йилги 231 миллион фоизлик инфляция натижасида муомаладан чиқарилган ва бугунгача Зимбабвенинг ўз пул бирлиги йўқ. Аҳоли турли давлатлар пулларидан фойдаланишади.

Август. Шаурма ўғриси

Санкт-Петербург шаҳри Карсногвардейск район суди Олег Харитоновга нисбатан 3 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган. Олег Харитонов шаҳардаги кафелардан бирига кириб келади ва хизматчига 3 дона шаурма буюртма беради. Буюртма тайёр бўлганда эса, жиноятчи газли револвер билан таҳдид қилиб, буюртма пулини тўлашдан воз кечади ҳамда воқеа жойидан яширинади. Олиб борилган суритштирув-тергов натижасида у қўлга олинади. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноятчи ўз айбига иқрор бўлади.

Октябр. «Сникерс»ли ниқобдор

Навбатдаги жиноят кишининг ақлини лол қилади. Томск шаҳри фуқароси «Сникерс» шоколади ёрдамида беш бора босқинчилик жиноятини содир этган. Полиэтиленга ўралган «Сникерс» шоколади тўппонча борлиги ҳақида тасаввур пайдо қилиш учун ўйлаб топилган. Шу йўл билан у «Жасмин», «Азалия» ва «Орхидея» гул павилёни, «Туесок» дўконидаги аёлларнинг сумкаларини тортиб олган. Беш ой олдин у қамоқдан чиққан ва Приморскийга етиб олиш учун пул керак бўлган. Эркак айбига иқрор бўлган ҳамда жабрланувчи аёллардан кечирим сўраган. Унга нисбатан 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ноябр. Ўғри айиқ ва сўнгги бахши

Ҳеч замонда ўғирланган буюм учун жабрланувчи жарима тўлаганини эшитганмисиз? Йўқ дегандирсиз. Агар ўғри айиқ бўлса-чи? Гап шундаки Иркутск фуқароси 57 ёшли овчи ўзининг одатдаги юмуши билан қишлоқдан бир неча ўн километр узоқдаги сув ҳавзаларига қараб йўл олади. Йўлда у бир қишлаш учун мўлжалланган уйлардан бирига тўхташга қарор қилади ва буюмларини эшик ёнида қолдириб, сув излаб кетади. Қайтиб келганида эса қандайдир шовқин эшитади ва айиқ шарпасини кўриб, қўрқади, кейин ўрмонга яшириниб олади. Бир неча соатдан сўнг қайтиб келган овчи буюмлари йўқлигини кўради. Ўзи излаб тополмагач, милицияга мурожаат қилади. Аммо унинг ўзига нисбатан, қуролларни қаровсиз қолдиргани учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Яна бир драматик ҳодиса Узоқ Шарқда юз берди. Владивосток суд органлари ҳудуддаги ягона бахши (гусляр) Валерий Новицкийни жавобгарликка тортди. Бунинг сабаби эса унинг 3 йилдан буён ўзининг ногирон ўғлига тўламай келаётган алимент пули эди. Мусиқачининг қўлга олиниши ажойиб тарзда режалаштирилди: уни маҳаллий телеканалга интервю бериш учун чақиришади, интервю беришга келганида эса қўлга олишади. Жами қарзи 80 минг рублни ташкил қилган, қўлга олинган пайтда эса унинг ёнидан 500 рубл чиққан, шунинг учун унинг қўл телефони ва чолғусини олиб қўйишади. У аллақачон 2004 йилда ҳам алимент тўламагани учун судланган эди. Унинг айтишича, у жуда кам пул топади, шунинг учун ўзининг ногирон ўғлига алимент тўлай олмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг