Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Асосий мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳоли манфаатларини химоя қилиш

Асосий мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш ва аҳоли манфаатларини химоя қилиш

Фото:Музаффар Назаров

Қонун устувор жамиятда ўзаро тенглик, адолат бўлади. Бироқ ноқонуний фаолият билан шуғулланиб соғлом рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган, белгиланган талабларга амал қилмасдан, нафсини давлат ва жамият манфаатларидан устун қўяётган айрим фуқаролар ҳам учраб турибди.

Мана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 7 — 14-июнь кунлари республикамиз ҳудудларида савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасига оид қонунбузарликларнинг олдини олиш, соғлом рақобатни шакллантириш бўйича ҳамкорликда олиб борилган профилактика ва назорат тадбирлари натижасида тадбиркорлик субъектларига қарашли 407 та савдо шохобчасида қонунга зид равишда маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, Германия, Чехия, Франция, Шотландия, Швеция, Италия, Ҳолландия, Мексика, Россия, Қозоғистон ва Тожикистонда ишлаб чиқарилган, ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб келинган ва керакли ҳужжатлари бўлмаган 333,3 млн. сўмлик алкогол ҳамда 177,9  млн. сўмлик тамаки маҳсулотлари сотилаётганлиги, 220,8 млн. сўмга назорат-касса машинасидан харид чекини бермаслик, 175,7 млн. сўм кунлик нақд пул тушумини яшириш ҳолатлари аниқланди ва чора кўриш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Тадбирлар давомида 523 нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтмасдан, мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб кирилган 1,2 млрд. сўмлик товарлар: қурилиш моллари (ошхона, ҳаммом анжомлари), озиқ ва ноозиқ-овқат (шакар, яхна ичимликлар, товуқ гўшти, кир ювиш воситалари, DVD дисклар, кийим-кечак, пойабзал) маҳсулотлари ҳамда истеъмол (тамаки, алкогол) товарлари билан савдо қилиш ҳолатлари аниқланди.

Шу билан бирга, ўтказилган тадбирларда 455 та озиқ ва ноозиқ-овқат, ўсимлик мойи ҳамда алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш цехлари давлат рўйхатидан ўтмаганлиги маълум бўлди.

Профилактик тадбирлар давомида 334 та ишлаб чиқариш (яширин цех) объекти ва 2679 та якка тартибдаги тадбиркорда ёлланма ишчи сифатида хизмат қилаётган 2026 нафар жисмоний шахс фаолияти қонунийлаштирилиб, 5537 нафар норасмий равишда тадбиркорлик қилаётган фуқаролар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилди.

Назорат-касса машинаси олингандан бери ишлатилмагани учун чанг босиб ётибди. Фото:Музаффар Назаров

Мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб келинган тамаки маҳсулотлари. Фото:Музаффар Назаров

Мирзо Улуғбек тумани Содиқ Азимов кўчаси 42-уйда жойлашган «Мустақил савдо» ХКга қарашли савдо тармоғида ўтказилган назорат тадбирларида дўкон сотувчиси харидорга Тожикистонда ишлаб чиқарилган сигаретни ва Россияда ишлаб чиқарилган пивони сотиб, харид чеки бермаганлиги ҳамда кунлик савдодан тушган 5 017 200 сўм нақд пулни назорат-касса машинаси хотирасига киритмаганлиги аниқланди.

Текширув давомида савдо шохобчасида акциз маркаси бўлмаган 64 турдаги 46 699 500 сўмлик сигарет ва 181 турдаги 252 193 300 сўмлик алкоголли ичимликлар савдога қўйилганлиги фош этилиб, керакли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Сотувга қўйилган маҳсулотлар гигиеник ва санитария талабларига зид ҳолда ишламайдиган музлатгичда сақланмоқда. Фото:Музаффар Назаров

 Ёз кунлари иссиқ ҳолда сақланаётган алкоголли ичимликларни одамлар фалон сўмга сотиб олиб, истеъмол қилади. Лекин ушбу маҳсулотнинг сифатига, димиқиб қолиб бузилмаганига ким кафолат бера олади?

Кашандалик — саломатлик кушандаси. Фото:Музаффар Назаров

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон соғлиғига, ёшларнинг жисмоний, маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Лекин, афсуски, бугун юртимизда қонунга хилоф равишда ўз манфаатини бошқалар соғлиғидан ҳам устун қўядиган нопок шахслар учраётгани ачинарлидир.

Республикамиз ҳудудига товарлар ноқонуний олиб кирилиши ва чакана савдо қоидаларига зид равишда сотилишининг олдини олиш юзасидан профилактик тадбирлар яна давом эттирилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг