Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Билдирсойда уч киши қор кўчкиси остида ҳалок бўлди

Билдирсойда уч киши қор кўчкиси остида ҳалок бўлди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Билдирсой тоғ ён бағирларида 24 декабрь, душанба куни уч сноубордчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабар қилинишича, 2018 йил 24 декабрь куни Тошкент вилояти ФВБ тезкор навбатчисидан олинган маълумотига кўра, соат 16:00 ларда Бўстонлиқ тумани «Белдирсой» МФЙ ҳудудида жойлашган «Белдирсой» спорт мажмуасининг «Дор йўлаги» (канат йўли) ҳудудида 3 нафар фуқаро (М.М. 1994 й.т., М.М. 1999 й.т., М.С. 1999 й.т.) сноуборд спорт тури билан шуғулланиш жараёнида, таъқиқланган хавфли ҳудудда ҳаракатланишлари натижасида қор кўчкиси юзага келган, оқибатда улар қор уюмлари остида қолиб вафот этганлар.

Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида фуқароларнинг жасадлари соат 19:05 да қор уюмлари остидан олиб чиқилган.

Содир бўлган ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғли ҳудудларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишингизни тавсия этади.

Қор кўчкисида қандай ҳаракат қилиш керак?

Қор кўчкиси – бу катта ҳажмдаги қорнинг 20 – 30 м/с тезлида кўчишига ёки ҳаракатланишига аталади.

Кўчки тушишининг кўп зарар етказадиган жиҳати бу кўчкидан олдинги тўлқин ҳисобланади.Ўзбекистонда қор кўчкиси хавфи юқори мавуд бўлган ҳудудлар бу тоғли ҳудудлардир.

Қор кўчкисининг пайдо бўлиш сабаблари: узоқ вақт қор ёғиши, кучли қор эриши, зилзила, портлаш ва тоғ ёнбағирларининг титраши шулар жумласидандир.

Ўзбекистоннинг иқлими кескин ўзгарувчан бўлиб, узоқ қор ёғиши ва кейинги кунда иссиқ ҳароратнинг кузатилиши қор эришига олиб келади.

Қор кўчкиси остида қолганда қандай ҳаракатни бажариш лозим.

Бурун ва оғзингизни шарф ёхуд бўйинбоғ билан ёпинг; кўчки бўйлаб ҳаракатланинг, қўлингизни сузиш ҳолати каби ҳаракатланиб кўчкининг сиртида ушлаб туришга ва тезлик паст бўлган томонга ҳаракат қилинг. Кўчиш тўхтаганда, юз ва кўкрак яқинида бўш жой яратишга интилинг, у нафас олишга ёрдам беради. Имконингиз бўлса, юқорига қараб ҳаракат қилинг.

Кўчки вақтида бақирманг – сабаби қор барча товушни ўз ичига ютиб юборади, бу каби самарасиз ҳаракатлар кислород ва иссиқликдан маҳрум қилади. Оқибатда, ҳолдан тоясиз. Энг асосийси ҳушингизни йўқотмасликка ва ухлаб қолмасликка ҳаракат қилинг. Сизни қутқаришларига ва қидирув ишлари олиб борилаётганига ишонинг (бу каби вазиятларда қор кўчкиси остидан беш ҳатто ўн уч кун муддатгача инсонлар қутқариб қолинган).

Турли хил бахтсиз ҳодисларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тоғли ҳудудларда айниқса, тақиқланган жойларда ҳаракатланмасликни тавсия этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг