Дубай рекорд ўрнатишда давом этади

Дубай рекорд ўрнатишда давом этади

Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхонани қурилди.

Фото: «Dubai Media Office»

БААнинг Дубай амирлиги дунёдаги энг баланд меҳмонхонани қуриб, ўз рекордлар сериясини давом эттирмоқда. Якшанба куни амирлик ахборот хизмати ўзининг «Твиттер»даги саҳифасида баландлиги 356 метрли меҳмонхона очилиши ҳақида маълум қилди, — дея хабар бермоқда «Европа 1» радиоси.

Амирликнинг энг машҳур Шайх Зайд хиёбони ҳудудида жойлашган ушбу меҳмонхона «Gevora Hotel» деб номланиб, ёнгинасида жойлашган 355 метрли меҳмонхона рекордини янгилади. «Mariot» тармоғига тегишли қўшни меҳмонхона ўз вақтида «Rotana» тармоғига қарашли 333 метрли «Rose Rayhaan» меҳмонхонасининг рекордини янгилаган эди.

«Gevora Hotel» 75 қаватдан иборат тилларанг бинодир. «The National» газетасининг хабар беришича, меҳмонхона 4 та ресторан, битта ҳовуз, битта люкс спа-салон ва битта гимнастика залига эга. Меҳмонхонанинг илк мижозлари душанба куни қабул қилиниши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Дубайда дунёдаги энг баланд бино — «Бурж Халифа» жойлашган ва унинг баландлиги 830 метрни ташкил қилади. Аммо амирликда яна бир йирик лойиҳага старт берилган. Янги иншоотнинг баландлиги қанча бўлиши сир тутиляпти, битта нарса аниқ — у «Бурж Халифа»дан баланд бўлади.

Ушбу шаҳар-давлат минтақадаги асосий туристик йўналишлардан биридир. 2017 йили Дубайга ташриф буюрувчилар сони 15,8 миллионни ташкил қилган. Бу 2016 йилга нисбатан 6,2 фоизга кўп деганидир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг