Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фидель Кастронинг ўғли ўз жонига қасд қилди

Фидель Кастронинг ўғли ўз жонига қасд қилди

Фото: AP / Franklin Reyes

Кубанинг собиқ раҳбари — Фидель Кастронинг ўғли Фидель Анхель Кастро Диас-Баларт ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Кубанинг маҳаллий «Грамма» газетасига асосланиб, «ТАСС» ахборот агентлиги хабар берди.

Матбуотнинг ёзишича, физика фанлари  доктори Фидель Анхель Кастро Диас-Баларт бир неча ойдан бери оғир руҳий зўриқиш сабабли шифокорлар  назорати остида бўлиб келган. У 2018 йил 1 февраль куни эрталаб ўз жонига қасд қилган. Кичик Кастро ўлими олдидан маълум муддат шифохонада даволанган, кейин амбулатор даволанишга ўтказилган эди.

Собиқ коммандантенинг ўғли отасига жуда-жуда ўхшагани сабабли уни «Фиделито» (Кичкина Фидель) деб номлашган. 68 ёшли кичик Кастро Давлат кенгашининг фан масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда Куба Фанлар академиясининг вице-президенти лавозимида ишлаб келаётган эди.

Кичик Кастро 1949 йил 1 сентябрда Кубанинг Гавана шаҳрида,  қисқа муддат Фидель Кастронинг никоҳида бўлган Мирта Диас-Балартдан туғилган эди Кичик Кастро 1974 йилда Москва Давлат университетини ядро физикаси ихтисослиги бўйича тамомлаган. У собиқ иттифоқда Куба раҳбарининг ўғли эканини сир тутиш мақсадида Хосе Рауль Фернандес номи остида таҳсил олган.

Маълум муддат кичик  Кастро Дубна шаҳрида (Москва вилояти)ги Ядро тадқиқотлари институтида фаолият кўрсатган, И.В.Курчатов номидаги Россия Атом энергияси институтида фан доктори илмий даражасини олган.

Кичик Кастро 1980—1992 йилларда Кубанинг Атом энергияси агентлигини бошқарди. У Куба ядро дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларида фаол иштирок этган. Унинг раҳбарлиги остида Кубада 1992 йили «Хурагуа» атом станцияси очилган, аммо кўп ўтмай, унинг фаолияти тўхтатиб қўйилган эди. Кичик Кастро ядро физикаси бўйича ўндан ортиқ китоблар, юздан зиёд илмий мақолаларнинг муаллифи эди.

У 2008 йили Россия Халқаро ядро тадқиқотлари институтининг фахрий доктори, 2013 йили МДУнинг фахрий профессори унвонларини қўлга киритган эди.

ОАВ хабарларига кўра, кичик Кастро икки марта уйланган. Унинг биринчи аёли рус, кейингиси кубалик бўлган. Биринчи никоҳидан икки нафар фарзанди бор.

Кичик Кастронинг ўлими тафсилотлари мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан батафсил ўрганилмоқда.

Маълумки, Фидель Кастро ўлимидан ўн йилча илгари ўз ваколатларини укасига топширган эди. Унинг ўғли — кичик Кастрода ҳеч қачон отасининг ўрнини эгаллаш нияти бўлмаган. Шу бис мамлакат ичида ва ташқарисида уни йирик сиёсий шахс сифатида кўришмаган.

Эслатиб ўтамиз, Кубанинг собиқ раҳбари Фидель Кастро ўтган асрнинг 70-йилларида Ўзбекистонга ташриф буюрган, ҳамюртларимиз билан учрашган, Ватанимиз ҳақида яхши таассуротлар билан юртига қайтган. 2016 йил 3 сентябрда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан Кубада мотам эълон қилинган.

Фидель Кастронинг ўзи 2016 йил 25 ноябрда 90 ёшида ҳаётдан кўз юмган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг