Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Катта йўлдаги тошотар

Катта йўлдаги тошотар

Иллюстратив сурат.

Фото: «Nashpskov.ru»

2018 йилнинг 7 январь куни Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшовчи Бегали Холмуродов (исм-фамилияси ўзгартирилган) Сардоба туманидаги синфдошининг тўйига борди. У ерда дўстлари билан анча пайтгача вақтичоғлик қилди. Куй-куйга, қадаҳлар-қадаҳларга уланди. Бегали синфдошлари билан даврада ўйнаркан, еру осмон чирпирак бўлиб айланар, бўлаётган воқеалар тушида кечаётгандек эди.

Кейин қандай қилиб стулда ўтирганча ухлаб қолди, ўзи ҳам билмайди. Бир пайт кўзини очса тўйхонада ётибди. Аллақачон тўй тарқаган, ён-атрофида эса ҳеч ким йўқ. Бир-иккита аёллар стол-стулларни йиғиштириш билан овора. Бегали аланг-жаланг қилиб синфдош дўстларини излади. Аммо ҳеч қайсини тополмади. Бир ўзини тўйхонда қолдириб кетган синфдошларидан ранжиганча кўчага чиқди.

Тезроқ уйига етиб олиш илинжида катта йўл томон илдам юриб кетди. Январнинг изғиринли оқшомида кўчада юриш аламли эди албатта. Аммо Бегалига изғириндан ҳам кўра синфдошларининг уни ёлғиз ташлаб кетгани алам қилаётганди. «Шошмай туринглар», — деди ўзига ўзи ва Пахтакор тумани ҳудудидан ўтган йўлнинг четида  туриб, ўткинчи машиналарга қўл кўтара бошлади. Аммо атай қилгандек ёнидан  шув-шув этиб ўтиб кетаётган машиналарнинг бирортаси тўхтай демасди. Бундан Бегалининг фиғони фалакка ўрлади. Машиналарнинг ортидан овозининг борича сўкинаркан, ердан тош олиб бир-икки марта улоқтирди ҳам. Бахтига отган тошларининг бирортаси машиналарга тегмади. Асабийлашганча навбатдаги машинага қўл кўтарар экан, тўхта дея қўл сермади.

Аммо ҳайдовчи унинг маст эканини сезди шекилли, тўхтамай ўтиб кетди. Ғазаб отига минган Бегали Холмуродов ердан пиёладек тош олиб, машинага отди. Олдин чарс этган овоз, сўнг машина балонининг асфальт йўлга чийиллаб ишқалангани эшитилди. Бегали ўзидан 20-30 метрлар нарида тўхтаган машинадан тушган икки эркакнинг ўзи томон югуриб келаётганини кўрди-ю,  қўрққанидан йўлнинг ўнг четидаги катта зовурга калла ташлади. Муздек сувга шалоп этиб тушаркан,  кўзи ярқ этиб очилгандек бўлди. Бир зумда кайфи тарқаб, қилиб қўйган ишидан даҳшатга туша бошлади. Қўрққанидан нафасини чиқармай кўприк панасида  бир соатча ўтирди. Совуқ суяк-суягидан ўтиб, томирлари тортиша бошлагач аста нариги томонга ўтди. Ортидан қувлаганлар кетгандир деган хаёлда зовурдан чиқди. Аммо Бегалининг чиқишини пойлаб турган  икки эркак шартта унинг елкасидан ушлаб, катта йўлга судраб чиқишди. Улар ундан нега машинага тош отганини сўраганида у «билмайман, нима қилганимни эслолмайман, кечиринглар» дея бош эгиб тураверди.

Ўша куни бошқа йўловчи машинада уйига кетар экан, тошотарлиги сабаб машинадаги бир йўловчининг бошига жиддий жароҳат етказиб қўйганини билди. Эртаси куни уйига ИИБ ходимлари келиб, уни олиб кетишди ва у судга қадар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Жиноят ишлари бўйича Пахтакор тумани суди Бегали Холмуродовнинг чин кўнгилдан пушаймонлиги ва унинг қариндошлари жабрланувчилар А.С. ва А.М.га етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини ҳисобга олиб, уни Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е» банди билан айбли деб топиб, унга нисбатан ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 4 йилу 6 ой озодликдан чеклаш жазосини тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича Пахтакор тумани суди раиси З.Р.Худойбердиев,

Гулруҳ Ёрматова, журналист.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг