Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Косонсойда 36 киши калла-поча ва ҳасипдан заҳарланди

Косонсойда 36 киши калла-поча ва ҳасипдан заҳарланди

Фото: «Azu.uz»

Наманган вилояти Косонсой туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига бугун, 5 февраль куни тонги соат 6:00 дан 12:00 га қадар кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриғи ва умумий ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан тиббий ёрдам сўраб, 36 нафар фуқаро мурожаат қилган. Улар ўткир гастроэнтерит, токсикоинфекция ташхисига гумон қилиниб, шифохонага ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, беморлар билан ўтказилган суҳбат давомида барча беморлар ўз касалликларини кеча, 4 февраль куни соат 12:00-13:00 оралиғида Косонсой туман марказий деҳқон бозорида номаълум шахс томонидан уй шароитида тайёрланган калла-поча гўшти ва ҳасип таомини харид қилиб, истеъмол қилиш билан боғлаган.

Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилди. Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.

Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул мутахассисларилари, жумладан, Республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори А.Абдушукуров, Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори ўринборсари А.Шукуров ва бўлим бошлиғи У.Исмаилов, Андижон тиббиёт институтининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари Наманган вилояти Косонсой туманига юборилган.

Косонсой туман деҳқон бозорида санитария-эпидемиология хизмати, Ички ишлар ва Солиқ органлари мутахассислари билан профилактик тадбирлари олиб борилмоқда.

Шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморлар йўқ, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг