Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Литвада 1991 йил Вилнюсда юз берган воқеалар ҳақидаги китоб ноширини судга беришди

Литвада 1991 йил Вилнюсда юз берган воқеалар ҳақидаги китоб ноширини судга беришди

Фото: «Спутник»

Вилнюсда яшовчи қария рус журналисти Галина Сапожникованинг 1991 йил 13 январда Литвада содир бўлган воқеалар ҳақидаги китобини нашр эттиргани учун судланади, дея хабар беради «Sputnik» Литва бош прокуратураси матбуот хизматига таянган ҳолда.

Аниқланишича, Вилнюс округ прокуратураси судгача бўлган тергов-суриштирув ишларини якунлаган. Гап шундаки, 78 ёшли фуқаро «СССРнинг Литвага нисбатан содир этган жиноятларини маъқуллашда» айбланмоқда. Хабар қилинишича, қария китобни нашр харажатларини ўз ҳисобидан қоплаган.

Прокурор Томас Улдукиснинг айтишича, фуқаро китобнинг литва тилидаги таржимасини нашр этиш билан «ундаги воқеаларни маъқуллайди, ҳақоратли ҳаракатларни тан олади ва 1990 — 1991-йилларда СССР томонидан Литва ва унинг халқига нисбатан содир этилган зўравонликларни қўллаб-қувватлайди».

Ўтган йилнинг февраль ойида «Politika» босмахонаси «Mūsų gairės» компанияси қўл остида «Комсомолская правда» газетаси сиёсий шарҳловчиси Галина Сапожникованинг «Сотқинликнинг баҳоси» китобининг литва тилига қилинган таржимасини «Ким кимни сотди?» номи билан нашрдан чиқарган эди. Китоб жами 530 нусхада чоп этилган бўлиб, бир нечтаси кутубхоналарга, 100 таси эса сотувчиларга берилган.

Прокурорларнинг қайд этишича, китобда 1991 йили Литвада содир бўлган воқеалар, жумладан, телеминора олдида қуролсиз одамлар қирғин қилингани, Мядининкай постидаги ҳодисалар субъектив тарзда, нотўғри маълумотлар асосида ёритилган.

Матбуот хизматининг хабарига кўра, Литва ҳукумати расмийлари Сапожникованинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйишган. Жиноятда айбланаётган Литва фуқаросига жарима солиниши, қамоқ, озодликни чеклаш ёки икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши мумкин.

Иш Вилнюс туман судида кўриб чиқилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамизки, 1990 йили Литва Олий кенгаши мамлакат мустақиллигини тиклаш ҳақида қарор қабул қилди. СССР ҳукумати эса бу қарорни конституцияга зид деб топди. 1991 йилнинг январида Литвада норозилик намойишлари бошланди. Шундан кейин республикага киритилган махсус бўлинмалар бир неча стратегик позицияларни эгаллаб олди.

13 январь тунида Совет армиясининг бронетехникалардан иборат колоннаси Вилнюс марказига йўл олди. Телемарказ яқинидаги тўқнашувларда 14 киши ҳалок бўлган, 600 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг