Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самарқандда ҳомиладор аёл устига симёғоч қулаб тушди

Самарқандда ҳомиладор аёл устига симёғоч қулаб тушди

Самарқандда ҳомиладор аёл ва унинг 5 ёшли ўғлини симёғоч босиб қолди. Ҳодиса Маҳмуд Қошғарий кўчасидаги №35 мактаб олдида, кеч соат 20.00 атрофида содир бўлган.

Ҳодисадан жабр кўрган У.Р ва унинг беш ёшли ўғли касалхонага олиб борилган. Гувоҳлардан бири Андрей Болтаевнинг маълум қилишича, аввалига қарсиллаган баланд овоз эшитилган, сўнгра эса бола йиғиси. Воқеа жойига етиб борган гувоҳ аёл кишини симёғоч босиб қолганини кўрган, унинг ёнида эса бола йиғлаб турган эди.

Шундан сўнг бир неча киши ён-атрофдан ўтиб кетаётган «Тез ёрдам» машинасини тўхтатган. Аммо шифокорлар бошқа чақириққа кетаётганини рўкач қилиб, ёрдам бермаган. Қўнғироқ қилиб чақирилган иккинчи «Тез ёрдам» бригадаси эса 15-20 дақиқа ўтиб етиб келган.

Бунга қадар одамларнинг ўзи симёғочни кўтариб, аёлни чиқариб олди ва жабрланганларни касалхонага етказиб борди. Эътиборли томони, ёрдам бериш учун тўхтаган такси ҳайдовчиси жабрланган аёлнинг турмуш ўртоғи бўлиб чиққан.

Ҳодиса натижасида аёлда мия чайқалиши кузатилган ва бир қатор тана жароҳатлари олган. Боланинг эса оёғи жароҳатлангани хабар қилинди.

Шаҳар аҳли бир неча бор симёғоч хавфли ҳолатда тургани ҳақида шикоят қилгани, аммо маъмурият ҳеч қандай чора кўрмагани айтилмоқда.

Манба: repost.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг