Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Шимол билан якка олишув». Наоми Уэмуранинг ақл бовар қилмас матонати ҳақида

«Шимол билан якка олишув». Наоми Уэмуранинг ақл бовар қилмас матонати ҳақида

Наоми Уэмура.

Фото: «Ira Block»

Бугун, 1 май куни япон сайёҳи Наоми Уэмура Шимолий қутбни забт этганига роппа-роса қирқ йил тўлди. Ўшанда Уэмура 37 ёшда эди. Ёлғиз, итлар қўшилган чанада қаҳратонда 54 кун йўл босиш... Иштиёқ ва ироданинг ўзи етарлими?

Наоми Уэмура 1941 йили Хидака шаҳрида туғилган. Мейдзи университетининг талабаси — алпинистлар клубининг янги аъзосига доим нимжонлиги панд бериб келган. Мана яна... Жомолунгма уёқда турсин, ҳатто Фудзиямага ҳам чиқа олмаса-я — алпинизмни ҳаёти мазмунига айлантиришни истаган япон учун бундан ортиқ шармандалик бўлмаса керак.

«Мен буни шахсий чорлов деб биламан» — дадил ва ажойиб бу ибора Уэмура учун бир умрлик шиор бўлиб қолди. У барчага, шахсан ўзига кучлилиги, қўрқмаслиги, саёҳатларга чанқоқлигини исботлашга уриниб яшади. У ўз интилувчанлиги билан одамларга ҳаёт қанчалик ажойиб ва тилсимотларга бойлигини кўрсата олди.

Уэмура 1966 йил ёзида Алп тоғининг Монблан ва Маттерхорн чўққиларини, октябрь ойида Африканинг энг баланд нуқтаси — Килиманжарони забт этди. Кейинги йили эса Жанубий Америка гиганти — Аконкагуа япон олдида тиз чўкди. Тиниб-тинчимас саёҳатчи камига Амазонка дарёсида солда 6000 километр масофани сузиб ўтди.

Наоми Уэмура 29 ёшига қадар турли қитъалардаги еттита энг баланд чўққининг бештасини забт этган. Фото: «agesmystery.ru»

Ниҳоят, у 1970 йилга келиб ҳар қандай алпинистнинг орзуси — Жомолунгма сари отланди. Бу сафар япон экспедицияси таркибида. 11 май куни Уэмура ва Тэруо Мацура, кейинги куни яна бир япон Хирабаяси ва непаллик Чотаре чўққининг энг тепасига чиқишди.

Орадан атиги икки ой ўтиб Уэмура тарихда биринчи бўлиб Шимолий Американинг энг баланд нуқтаси —  Мак-Кинлига байроқ қадаган якка алпинистга айланди.

Шундай қилиб, Наоми Уэмура 29 ёшига қадар турли қитъалардаги еттита энг баланд чўққининг бештасини (Австралия ва Антарктидадан ташқари) забт этишга улгурди. Ҳайратланарлиси, ана шу беш чўққининг тўрттасига ёлғиз ўзи чиққанди.

Энди у нигоҳини олис шимолга қарата бошлади. Эндиги мўлжал «Ер куррасининг томи» — Шимолий қутб эди. Бунга узоқ ва жиддий тайёрланди. Аввалига Японияни шимолидан жанубигача пиёда кезиб чиқди. Уч минг километр масофани 52 кунда босиб ўтди.

Кейин эса Гренландия. Тўққиз ой эскимослар билан яшаб, шимол ҳаётини, итлар тортадиган чаналарни бошқаришни ўрганди. Гренландия, Канада ва Алясканинг 12 минг километрли қорли сўқмоқларини чаналарда ортда қолдирди.

Шимолий қутбга саёҳат. Фото: «StoneForest.ru»

Шимолий қутбга саёҳат 1978 йилнинг 5 март куни Элсмир оролининг Колумбия бурнидан бошланди. Уэмура итлар қўшилган чанада йўлга отланди. «Катта ер» билан радиоалоқа орқали боғланиб турди. Саёҳатининг тўртинчи куни Уэмуранинг лагерига қутб айиғи ҳужум қилди, озиқ-овқатларни еб, яроқсиз ҳолатга келтирди. Ҳатто бир-икки марта япон ётган палатага ҳам бош суқишга уриниб кўрди... Эртаси куни қайтиб келган айиқни Уэмура милтиқдан отиб ўлдирди. Ҳар қандай экстремал саёҳатчи қаҳратон ва жазирама, очлик ва сувсизликдан ташқари, ёввойи ҳайвонларга қарши курашишига ҳам тўғри келади. Уэмура Амазонкада ҳам йиртқичлар билан курашган, пираняларга ем бўлишига оз қолганди.

Катта-катта муз тоғлари Уэмуранинг саёҳатини анчагина кечиктирди. У Шимолий қутбга ўзи мўлжаллаганидек апрель ўрталарида эмас, май ойининг биринчи куни етиб келди.

Бу ерга ўз мамлакати байроғини қадаган Уэмура ортига шунчаки қайтиб кетмади: Гренландияни шимолидан жанубига қадар кесиб ўтди. Саёҳат 22 август куни ниҳоясига етди.

Уэмуранинг яна бир орзуси Жанубий қутбни, Антарктиданинг баланд чўққиси Винсонни забт этиш бўлган. Япон экстремалининг фикрича, Аляскадаги аввал ўзи забт этган Мак-Кинли қиш пайтида бунинг учун яхши синов майдони бўлиши керак эди.

Навбатдаги машаққатли йўл. Фото: «Ira Block»

Аляска шароитида, айниқса, қишда тоққа чиқиш ўлим билан ўйнашишга баробар. Тоғ музликларидаги қор босиб ўтган ёриқлар ўта хавфли эди. Мана шу ёриқлардан ҳимояланиш учун Уэмура елкасига узун бамбук таёқларидан лангар ясаб олди. Юкини енгиллатиш учун ўзи билан палатка ҳам, овқат тайёрлашга ёнилғи ҳам олмади.

Тоққа 1 февраль куни кўтарилишни бошлаган Уэмура ўзининг туғилган куни — 12 феврални Мак-Кинли тепасида нишонлади. Охирги марта база билан алоқага 13 февраль куни чиқиб, 5500 метр баландликда эканини, икки кунда базага етиб келишини маълум қилди. Шундан сўнг ноқулай об-ҳаво туфайли Уэмура билан ҳеч ким боғлана олмади.

20 февраль куни ҳаво очилиши билан Уэмурани қидириш бошланди. Тоққа вертолётда ташланган икки нафар алпинист уни 26 февралгача қидиришди. Топганлари Уэмура тепага кўтарилишда 4300 метр баландликда тушириб қўйган кундалик бўлди. Унда охирги ёзувлар шу эди: «Мен Мак-Кинлини забт этмоқчиман».

Жасади топилмаган Уэмура бедарак йўқолган деб эълон қилинди. Худди ҳаёти каби ўлими ҳам сирли бўлиб қолди.

Наоми Уэмурага бағишлаб чиқарилган почта маркаси. Фото: «Mountain.RU»

1984 йилнинг 19 апрель куни Япония бош вазири Ясухиро Накасонэнинг қарори билан Наоми Уэмура ўлимидан сўнг Халқ эҳтироми мукофоти билан тақдирланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг