Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

5000 АҚШ доллари эвазига «ўқишга киритиб» қўймоқчи бўлган «ҳожатбарор»га нисбатан ҳукм ўқилди

5000 АҚШ доллари эвазига «ўқишга киритиб» қўймоқчи бўлган «ҳожатбарор»га нисбатан ҳукм ўқилди

Фото: «Sputnik»

Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманида яшовчи Маъруф Агзамов (исм-шарифлар ўзгартирилган — муаллиф)  киракаш. Тирикчилик жараёнида неча хил одамларга дуч келмайди, дейсиз. Иттифоқо, кунларнинг бирида машинасига Жиззах Давлат педагогика институти ўқитувчиси Доно Тоирова чиқиб қолди.

Айтилган манзилга етгунча у ёқ-бу ёқдан гаплашиб кетилди. Гапдан гап чиқиб, Маъруф мижози қаерда ишлашини билди. Кейинроқ Донога яна хизмат кўрсатишга тўғри келдики, бу жараёндаги суҳбатлар унинг наздида домла билан яна-да яқинлаштирди гўё. Институт ўқитувчиси билан синашта бўлиб қолиш қандай яхши. Боласини пул билан олий ўқув юртига киритиш илинжида юрганлар камми? Шулардан биттаси билан иш ўхшаб қолса,  қанча фойда қилишини ўзича чамалаб кўрди. Битта «операция»да киракашлик қилиб бир йилда топмаган пулга эга бўлиш мумкин экан...

Ваҳоланки, унинг «ўқишга киритиш» хусусида Доно унга бошқача гап айтганди. Яъни, абитуриентларни олий ўқyв юртларига бўлиб ўтадиган тест имтиҳонларига тайёрлайдиган танишлари борлиги, ўқишгa кириш ниятида бўлган танишлари бўлca, улар тайёрлайдиган гypyҳгa олиб боришни тавсия этган эди, холос. Бироқ почага чанг теккизмай катта пулли бўлиш илинжи М.Агзамовни кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйгандек эди. Йўқса, ўзи тузукроқ танимайдиган Ҳосила Жўраевага қизингизни 5.000 АҚШ доллари эвазига ўқишгa Жиззах Давлат педагогика институтнинг «Тарих» факультетига киритиб қўяман, танишлар сероб, дея  алдармиди? 

Соддагина аёл унинг гапига чиппа-чин ишониб, аввалига 2.500 АҚШ доллари берди. Қолганига пул тополмай гаров тариқасида тилла тақинчоқларини тутқазди. Бироқ бу М.Агзамовга кўпам ёқмади. «Қолганини тезлатинг», деб аёлнинг ҳол-жонига қўймади. Унинг қисталанг қилавериши Ҳ.Жўраевада шубҳа уйғотди, йигит ўлгурнинг ўзини тутиши сал бошқа эди-да. Воқелик шу тарзда давом этса, қизи ўқишга кириши тугул, нақд берган пули-ю тақинчоқларига куйибгина қолиши мумкинлигини ҳис этди. Ва...

...Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Жиззах вилоят бошқapмacи ходимлари томонидан фyқapo Ҳосила Жўраеванинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда Маъруф Агзамов аёлдан 2.500 AҚШ долларини oлган вақтида ушланди...

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2018 йил 13 ноябрь кунги хукмига асосан М.Агзамов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 2-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Э.Қаршиев, 
жиноят ишлари бўйича 
Жиззах шаҳар судининг судьяси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг